"Даракчи" ўқувчиларидан бирининг маълум қилишича, таниқли актриса Дилноза Кубаева биринчи ўқитувчиларидан бирини қаттиқ ранжитган.
- Хамза тумани 255-мактаб бошланғич синф ўқитувчиси Дафарова Гулсара опа шу йил фаҳрийлар сафига қўшилиши муносабати билан мактабда кеча уюштириладиган бўлди. Устоз бошланғич синфда ўқувчиси бўлган Дилноза Кубаевани меҳмон сифатида кечага чақиришни истади, деб ёзади махсус мухбир.
- Дилноза рози бўлганлиги сабаб унинг ташрифига мактабда ҳамма нарса тахт қилинди. Фаоллар зали безатилди, ўқувчилар шеърлар, куй-қўшиқлар тайёрлашди, берилажак саволлар устоз томонидан сараланди. Жорий йилнинг 30 май санасида соат 14 да келиши керак бўлган меҳмон нафақат устозини, балки уни кўришни истаган юзларча таклиф этилган ота-оналарнинг хафсаласини пир қилди. Она тили ва адабиёт ўқитувчи си Нигора опа Шокирова такси билан Кубаевнинг ишхонасига борганида, Дилноза кела олмаслигини, иши чиқиб қолганини айтган. Бу ҳолдан қаттиқ хафа бўлган устоз роса йиғлаган.
"Шу кунгача ҳурматим баланд бўлган Дилнозага нисбатан зарра ҳурматим қолмади. Келмас экан, нега сўз беради?!" дейди ўқувчисидан ранжиган устоз.
Шу ўринда, юқорида келтирилган воқеа юзасидан қатъий фикр билдиришдан йироқмиз. Зеро ҳалқимизда "Уйдаги гап, кўчага тўғри келмайди" деган нақл бор. Балки Дилнозада ҳақиқатдан ҳам ўша тадбирга бора олмагани учун арзирли сабаб бўлгандир. "Даракчи" ушбу мавзу юзасидан Дилноза билан боғланишга уриниб кўради.