Боиси баъзи ОАВ сайтлари томонидан кун кеча PressNews.uz - Darakchi.uz’нинг қайта тикланган талқини деган тахминлар ҳам олға сурилди.
Бу фикрлар хато - PressNews.uz буткул янги лойиҳа. Бунга ойдинлик киритиш мақсадида биз сайт ҳақида маълумот беришга қарор қилдик.
Маълумки, "Даракчи” газетаси ва Darakchi.uz сайти фаолияти декабр ойининг бошида вақтинчалик тўхтатиб, барча ижодий ходимлар ҳақ тўланмайдиган таътилга чиқариб юборилди. Табиийки, шундан сўнг рўзғор тебратишда керак бўлган ўнлаб ижодкорлар тирикчилик ғамида бошқа таҳририятлар билан ҳамкорликни бошлади.
Darakchi.uz сайти бир гуруҳ ходимлари эса ўз мухлислари билан доимий алоқани сақлаб қолиш мақсадида бошқа бир ахборот сайти PressNews.uz лойиҳаси устида иш бошлашди. Ушбу лойиҳа "Даракчи” нашрига умуман даҳли бўлмаган ва интернет лойиҳалар устида ишлайдиган "Access IT Group” МЧЖ томонидан маъқулланди.
Айни пайтда PressNews.uz сайтини оммавий ахборот воситаси сифатида давлат рўйхатида ўтказиш учун Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигига тегишли тартибда ариза берилган. Гувоҳнома олинганидан сўнг ижодий гуруҳ кенгайтирилади ва сайт дизайни ҳам буткул янгиланади. Айни пайтда ушбу ишлар юзасидан бош қотирилмоқда. Унгача эса техник гуруҳ илгари синовдан ўтган шаклдан фойдаланишга қарор қилди.
Darakchi.uz ўқувчиларига эса ижодкорлар қаерда эканини билдириш мақсадида аввалги ҳавола қўйилган эди. Бироқ бу баъзи ОАВларда хато фикрларга сабаб бўлгани сабабли ҳавола бугундан бошлаб олиб ташланади.
PressNews.uz тажрибали мутахассислар томонидан тақдим этилаётган янги лойиҳа ва сайт келажакда интернет фойдаланувчилар кўнглини забт эта олади деб умид қиламиз!