Икки бўлимдан иборат спектакль Тошкент Давлат мусиқали комедия театрининг жорий мавсумда саҳналаштирилган иккинчи асари бўлиб, юртимизда яшаётган рус томошабинларини ўзбек оиласи турмуши ва ҳаётининг ўзига хос қирраларини кўрсатишга ҳаракат қилингани билан алоҳида аҳамият касб этади.
Асар бош қаҳрамони Эргаш замон эврилишларида ўз йўли ва мақсадини бир қадар йўқотган ва хотини Момақаймоқ изми-ҳукмига тушиб қолган эркак. Бир пайтлар мулойим ва оқкўнгил Момақаймоқ эса қўли пул кўриб, анча ўзгарган, ён-атрофдаги инсонларга нисбатан кибр билан қарайдиган, фақат ўз манфаатини ўйлайдиган, ҳатто эрини ҳам назар-писанд қилмайдиган аёл қиёфасига киради.
Хотинининг жабру ситамларидан тўйиб кетган Эргаш ниҳоят иродасини қўлга олиб, оиладаги етакчилик мавқеини қайтаришга, хотини уни аввалгидек севиш-севмаслигини имтиҳондан ўтказишга ҳаракат қилади. Бу осон эмаслигини ва фақат айёрлик йўли билангина бу ўйинда бирор ижобий натижага эришиш мумкинлигини яхши тушунарди. Шундан кейин асар сюжети қизғин тус олади... Саҳнада бирин-кетин ўлим ҳолати сирли бўлган тўртта мурда пайдо бўлади.
Пул инсонларни синаш воситасига айланади. Момақаймоқ мураккаб вазиятга тушиб қолади ва бу ҳолатда Ўзлигига қайта боради. Тақдирнинг бу қудратли зарбаси Момақаймоққа қиёслаш, инсонлар ички оламини яқиндан таниш, пулнинг кўплиги ҳали бахт мезони эмаслигини, ниҳоят хато йўлдан кетаётганини чуқур тушуниш имкониятини беради.
Ролларни театрнинг Темур Каримов, Феруз Сафаров, Гулнора Самикова, Наргиза Баратова, Шерзод Нурушев, Беҳзод Усмонов, Сардор Норматов, Ифода Ғаниева ва Марат Бухаров каби истеъдодли актёр ҳамда актрисалари ижро этишди.
Спектакл ташриф буюрганлар томонидан жуда илиқ кутиб олинди, буни томошабинларнинг давомли гулдуроз қарсакларидан англаб олиш қийин эмасди.