Китоб жовонини титкилаб турсам, ўғлимнинг 5-синф ўқувчилари учун мўлжалланган "Табиий география бошланғич курси” номли дарслик китобига кўзим тушиб қолди. Болалигимдан география дарсига қизиққаним ва китобнинг чиройли дизайни ўзига тортгани сабабли ўқишга тутундим.
2003 йилда чоп этилган дарсликда мавзулар бизнинг давримиздагидан кескин фарқ қилиб, таҳририят таъкидлаганидек "мавзулар ўқувчиларнинг ёшига мос содда ва равон тилда баён қилинган. Рангли расмлар, хариталар, чизмалар мавзуларни ўзлаштиришга ёрдам беради”.
Рости, муаллифлар услуби менга жуда маъқул келди, бир қанча янги маълумотлар: Абу Райҳон Берунийнинг дунё харитаси ва Носир Хисрав саёҳат қилган йўл харитасини шу китобда илк маротаба учратдим. Китоб ижодкорларига раҳмат.
Аммо китобни ўқиш жараёнида бир қанча имловий, бўғин кўчириш ва стилистик хатоларга дуч келдимки, бу менда тилла узукка шиша кўз қўйгандай таассурот уйғотди. Маълумки, бозор иқтисодиёти шароитида ҳар битта корхона, аввало, фойда олишни кўзлаб иш юритади. Мадомики, ”Митти Юлдуз” МЧЖ китобни чоп этишдан мақсади даромад-манфаат топиш бўлган экан, мен ҳам келажагимиз эгалари – болажонларнинг манфаатини кўзлаб бундан кейин ҳеч бир нашриёт томонидан хатоликларга йўл қўйилмаслиги учун ўз фикрларимни айтишга жазм қилдим.
Сўзларда ҳарфларнинг тушириб қолдирилиши ёки қўшиб ёзилиши ҳолатларига ҳам дуч келасиз: айсберга, атмоферанинг, европеоид. Қизиғи шундаки, европеоид /32 п / сўзи бир дарсда 5 марта ишлатилиб, 4 марта хато, яъни европеоид; 1 марта европоид деб тўғри шаклда ёзилган. Зомонларда /10 п/, зомонларданоқ /12 п/ каби ўзакдош сўзларнинг биринчи бўғинида ”о” ҳарфи эмас "а” ҳарфи билан ёзилишини бошланғич синф ўқувчиси ҳам билса керак. Тилимизда неча ўн йиллардан буён географик атама сифатида кенг қўлланиб келаётган бўғоз сўзини бўғиз деб ёзилганини қандай тушуниш мумкин?
Биргина 3-расмдаги харитада қаттиқ "х” ва юмшоқ "ҳ” ҳарфларининг ишлатилишида шунчалик эътиборсизлик қилинганки, натижада Буҳоро ҳалқлари, Ҳоразм эли , Ҳоразм денгизи каби сўз бирикмаларида хатолар "сериали”га дуч келасиз. Яна ҳиссангизни хиссангиз, М.Қошғарийни Кошғарий деб ёзилганига нима дейсиз?
Баъзи гапларда синоним сўзларнинг ноўрин ишлатилиши унинг мазмунини ”кулгили” даражада ўзгартириб юборган. ”Ҳозирги вақтда дунёдаги ўрмонларнинг учдан икки қисми қирқиб юборилган”. Гапдаги "қирқиб” сўзи ўрнига "кесиб” сўзи ишлатилса олам гулистон эди.
"Доимий яшил ўрмонлар? ўсарди”/31 п/, "тўртта фасл алмашинишиб туради”/11 п/, "ер юзида аҳоли сони жуда ҳар хил”/32 п/ даги гапларни ўқиган 5-синф ўқувчиси қандай тушунар экан, шунисига тушуна олмадим.
"Ҳар йили Ер остидан юз миллионлаб тонна нефт, газ, кўмир қазиб олинади”/16 п/. Ер сўзининг атоқли от, яъни бош ҳарфлар билан ёзилиши гап мазмунини ўзгартириб юборган…
"Табиий география бошланғич курси” дарслик китоби 123 минг тиражда чиқиб, 5 йил давомида 600 мингдан ортиқ ўқувчи ўқиб чиққан. Энди кимларнингдир хатоси ва лоқайдликлари орқасидан чалғиган 700 мингга яқин ўқувчиларнинг аҳволини тасаввур қилинг.
Дарсликдаги хатоларга оид яна бошқа мақолалар>>>
География дарсликлари, қўлланмаларида яна бир қизиқ–ажиб ҳолатга дуч келдим-ки, менинг назаримда, бундай тушунмовчилик-хатоликларни тугатиш чораларини тезроқ кўриб чиқиш керакка ўхшайди.
Мазкур дарсликда Тинч океани майдони 178.7 млн.км.кв, Атлантика океани эса 91.7млн.км.кв дейилган ҳолда, 6-синф "География”сида бирининг майдони 180 млн.км.кв, иккинчисиники 91 млн. км.кв деб кўрсатилган. Океанларнинг аниқ майдонларини билиш мақсадида танишим-география фани ўқитувчисига мурожаат қилсам, унинг ўзи ҳам ҳайронлигини айтди.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Республика таълим маркази умумтаълим мактаблари ўқитувчилари учун қўлланма сифатида тавсия этган - 1997 йилда "Ўқитувчи” нашриёти томонидан чоп этилган - "Ўзбекистон географияси. Қизиқарли машқ ва масалалар” номли китобида Амударёнинг узунлиги 2982 км., Зарафшон дарёси 740 км.; Ўзбекистон Республикаси ҳудудининг 75 % и текислик, 25 % и тоғлардан иборат; умумий ер майдони 447.4 минг км. кв деб кўрсатилган бўлса, 7 синф "Географияси”да Амударёнинг узунлиги 3019 км., Зарафшон дарёси 877 км.; Ўзбекистон ҳудудининг 78.7 % и текисликдан, қолган 21.3 % и тоғлардан ташкил топгани; умумий ер майдони эса 448.9 минг км. кв дейилган.
Мустақилликдан кейин Ўзбекистон Республикасининг ҳудуди ўзгармагани ҳолда ер майдони 1500 км.кв, Амударё 37 км., Зарафшон дарёси 137 километрга узайгани мени таажжубга солди. Бу каби чалкашликларни дарсликлар нашрига мутасадди раҳбарлар қандай изоҳлашаркин?!
"Бола тарбияси масаласида хато қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ” - деган эди донишмандлардан бири. Мен бунга қўшимча равишда "ёш авлоднинг саводи масаласида ҳам” деган бўлардим.