Главная » 2013»Iyun»30 » Бу йил тест имтиҳони жавоб варақаларида фанлар блокларга ажратилмайди
16:40
Бу йил тест имтиҳони жавоб варақаларида фанлар блокларга ажратилмайди
Юртимизда ҳозир абитуриентлар учун қизғин палла. Минглаб, йўқ, юз минглаб абитуриентлар талаба бўлиш истагида 70 та олий таълим муассасаларига (филиаллар билан) ҳужжатларини топшириб, 1 август куни бўладиган тест жараёнларига тайёргарлик кўришмоқда. Хабарингиз бор, ОТМларга кириш тестлари 3 та фан блоки бўйича ўтказилади. Ижодий имтиҳон мавжуд бўлган ОТМларда эса 2 та фан блоки. Саволлар китобида ҳар бир фан бўйича 36 та савол ўрин олган бўлиб, мос равишда жавоблар варақасида ўша фанларнинг жавоби бўяладиган ҳудудлар ҳам 3 та блокка ажратилган бўлар эди.
Кўп йиллик амалиётда шундай кўнгилсиз ҳоллар учраб турар эдики, унда баъзи абитуриентлар балки ҳаяжондан, балки қўрқувдан, балки шошгандан, балки тушунмаганлиги сабабли жавобларни бўяш вақтида фан блокларининг ўрнини алмаштириб қўяр эди. Масалан, кимдир "Она-тили ва адабиёти” фани блокига "Математика”ни бўяб қўярди. Бундайин "ўрин алмашиш” охир-оқибат якунда абитуриентга жуда ва жуда қимматга тушар эди. Тасаввур қилинг, абитуриент минг қийинчилик билан тест саволларига жавобларни белгилаб чиқди. Ҳаммаси жойида, кўп саволларга тўғри жавоб берганига ишониб турибди. Аммо жавобларни бўяш вақти келганда, нимадир бўларди-ю, эҳтиётсизлик билан блоклар ўрнини алмаштириб қўяди. Тамом! Агар ўша абитуриент ўта ва ўта омадли бўлмаса, унда 1 йиллик умри аниқ куйди дегани эди.
Мазкур йилдан бошлаб, ушбу тушунмовчиликни олдини олиш мақсадида Давлат тест маркази жавоб варақаларига кичик ўзгартириш киритишга қарор қилди. Энди жавоб варақаларида фанлар блокларга ажратилмайди. Бу қандай бўлади?
Масалан, тасаввур қилинг, абитуриент 3та фан блоки бўйича тест топширади:
1. Тарих;
2. Она тили ва адабиёти;
3. Инглиз тили.
Саволлар китобида дастлаб "Тарих” блоки саволлари келди дейлик. 1 дан 36 гача. Кейинги блокдаги "Она тили ва адабиёти” фанидан саволларнинг тартиб рақами яна янгитдан 1 дан эмас, балки 37 дан бошланади, токи 72 гача. Учинчи блокдаги "Инглиз тили” фанидан саволларнинг тартиб рақами мос равишда 73 дан бошланиб, 108 гача давом этади.
Худди шунингдек, жавоблар варақасида ҳам бўяш учун ажратиладиган катаклар 1 дан 108 гача рақамланиб, фан номлари ва блоклар каби жойлар олиб ташланади. Ана шунда, абитуриентлар фанлар блокини жойини алмаштириб қўйиш каби муаммоларга дуч келишмайди.
Фақатгина битта вазиятда фан номи келтирилади, бу ҳам бўлса "Чет тили” блокида абитуриент қайси чет тилини танлашини (инглиз тили, немис тили, француз тили) кўрсатиб ўтади.
Ҳар бир тест саволига фақат битта жавоб белгиланиши шарт. Агар жавоблар варақасидаги "Белгилаш учун намуна” қоидасига риоя этилмаса, жумладан битта саволга жавоблар варақасида тегишли доирача бўялмаса ёки икки ва ундан ортиқ доирача бўялса ёхуд тўлиқ бўялмаса ушбу жавобга балл берилмайди.
Тўлдирилган жавоблар варақаси абитуриентнинг билим даражасини белгиловчи асосий ҳужжат ҳисобланади.
Ҳужжатларни топшириш жорий йилнинг 20 июнидан бошланган бўлиб, 20 июлига қадар давом этади.