Бунинг сабаблари жуда кўп. Аниқроғи, шу кўп сабаблар энди юзага келиб чиқмоқда, яъни кеча, бугун, бу ҳафта.
Бир чеккадан бошлайверамиз унда. Ҳамманинг вақти бемалол-ку, тўғрими?
Бирламчи омил: биз ҳар қачонгидан ҳам энг қулай имкониятга эга бўлиб турибмиз. Олдинлари Баҳрайнга тушмайлик деб хавотирланардик. Бу хавотирларимиз ўзини "оқлаб”, бир пайтлар "Баҳрайн эпидемияси”га ҳам чалинганимиз бор гап. Кейин секин-аста ундан қутулиб, япониялик ҳакамларга тутилдик. Охиргиси Нишимура бўлди. Равшан Эрматов юртида унинг ўзини бундай тутишга умуман ҳаққи йўқ эди!
Плей-офф деган бир нимадан ўтиб олсак, бўлди, деган пайтларимиз ҳам бўлди. Сўнгра плей-оффга тушиб қолмайлик, дея чўчишга тушдик. Мана, энди бу плей-оффларни ўйламаяпмиз. Биздан энг осон талаб қилинадигани, энг қизиғи, буни одам боласи уддалайди (масалан, Ливан термаси), қаердаги Кореяни ютиш холос. Энди бизнинг ўй-хаёлимиз ЖЧга тўғридан-тўғри ва муддатидан олдин йўлланма олиш билан банд. Бу ўсиш эмасми?
Иккиламчи омил: ҳамма жойда бизни гапиришяпти. Ўзбекистондан ташқари, чет давлатлари оммавий ахборот воситалари ҳам биз ҳақимизда ёзишмоқда. Олдин ким биландир ўртоқлик ўйнасак, хорижий сайтларда бу ҳақда деярли маълумот берилмасди. Лекин Хитой билан бўлган ўйинни бутун дунё билди ва бу ҳақда ёзди. Марказий Осиёдан биринчи бўлиб мундиалга чиқадиган жамоа эканимизни бот-бот қайд этишди. Ахир шунча гап-сўзга яраша ЖЧга бориш керак эмасми?
Учламчи омил: миллий терма жамоамиз бу сафар қайсидир ўйин натижасига қараб қолгани йўқ. Ҳаммаси ўзларининг қўлида (ёки оёғида, ютишса бўлди-да). Улар ҳар сафардагидек тушкун ҳолатда эмаслар, ўзларига нисбатан ишонч бор. Гўёки Кореяни индамасдан, бемалол ютиб келадигандек хотиржам улар. Бу гал тақдиримиз бошқа жамоаларнинг муваффақиятсизлигига қараб қолмаганини англаб етишган чоғи.
Тўртламчи омил: мухлислар! Ўзбек мухлислари ҳар доимгидек ўз Ватани жамоасидан ғалаба кутади. Ҳамиша шундай бўлиб келган. Лекин бу сафар сал бошқачароқ. Улар Кореянинг мағлубиятини ҳам кўришди, аранг дуранг ўйнаганини ҳам кўришди (ҳакамнинг 7-дақиқасини айтмаса, албатта). Корея руҳий жиҳатдан устун бўлиб, юртимизга келганда ютқазмадик. Энди биз руҳан устун бўлганимизда ютмасак бўлмайди. Бу мухлислар устидан кулиш, Ватан учун лоқайдлик саналади.
Бешламчи омил: саналган барча омиллар бизнинг мундиал сари юришимизга замин ҳозирлаяпти. Кимдир қўй сўйиб элгa ош беради (ростдан шундай мухлисларимиз бор), кимдир футболчиларимизга мошина-пошина совға қилиб юборади (албатта, оддий мухлис бўлиши шарт эмас). Ишқилиб, халқ фақат хурсанд бўлади. Наҳотки бундай қувончни, севинч кўзёшларини кўришни истамаса футболчиларимиз?! Албатта, истайди. Ахир Кореяга шунинг учун кетишган.
Қўшимча (охирги омил): буларнинг бари бир гап-да. Энди дангал гапдан гаплашайлик. Хўш, ҳозир корейсларда ҳам, бизда ҳам 11 очко бор. Келинг, ўзбеклигимиз ҳаққи, уларга жа кўп гол уришмасин. 2:0, жуда илҳом келса, 3:0 ҳам бўлаверади. Бизнинг фойдамизга. Буларнинг бари фақат ва фақат яхши ниятда ёзилди.
Заҳириддин
Илова: агар ҳисоб 1:2 ёки 1:3 бўлиб қолса, мени сўкиб юрманглар