Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ туманида жойлашган МЧЖ «Юқоричирчиқ туман деҳқон бозори» худудидан омборхона ва савдо жойларини тақдим этаётганда пора талаб қилган бозор директори Мастура Усмонова ҳамда унинг ўринбосари Комил Каримов қўлга олинган.
Uz24 таҳририятига келиб тушган маълумотларга қараганда, Усмонова тадбиркорларнинг давлатга амалга ошираётган фаолиятлари учун мажбурий тўловларни амалга оширишга тайёр эканликларига қарамай улардан қўшимча хақ талаб қилганликда айбланмоқда.
Аниқланишича, Усмонова бозорда фаолият юритмоқчи бўлган тадбиркордан товламачилик йўли билан 1000 АҚШ долларини олаётган чоғда қўлга олинган.
Бозорнинг директор ўринбосари Комил Каримов ҳам раҳбарининг бу фаолиятига ёрдам бериб келган.
Тадбиркорлардан баъзиларининг айтишларича, бозор раҳбарияти аввал ҳам бозор худудидаги тадбиркорлардан пул талаб қилишган ва қўрқитиш йўли билан уларни жим юришга мажбур қилишган.
Бундан ташқари, Усмонова ўз ўринбосари билан шерикликда сохта молиявий ҳужжат тайёрлаб, деярли ҳар куни тадбиркорларнинг бир марталик йиғимидан тушган катта ҳажмдаги нақд пулларни ечиб олишган.
Ҳозирда Усмонова М.Г. ва Каримов К.С. устидан Тошкент вилояти прокуратурасида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 210-моддаси билан жиноий иш қўзғатилган («Порахўрлик»).