14 июнь куни Тошкент Кичик халқа йўлида (Қорасарой) йўловчи автобуси ёниб кетгани хақида хабар берган эдик. Эътироф этиш жоиз, бу шаҳар автобуслари билан рўй берган биринчи ҳолат эмас. Шу боис, кейинги кунларда одамлар орасида транспорт воситаларига нисбатан бироз ҳавотир пайдо бўлгани бор гап.
Автобуслар билан, хусусан 14 июнь куни содир бўлган навбатдаги ёнғин сабабларини ўрганиш мақсадида Uz24.uz нашри "Toshshahartransxizmat" уюшмасига мурожаат қилди. Уюшма ходимининг сўзларига қараганда, автобуснинг ёниб кетишига кўпгина сабаблар бўлиши мумкин, жумладан кўп ҳолларда бунга ҳайдовчи ва йўловчиларнинг эътиборсизлиги ҳам сабаб бўлади.
"Гап шундаки, автобус двигателининг бир қисми салон ичида жойлашган бўлиб, афсуски, баъзи ҳайдовчи ва йўловчилар, ҳавфсизлик қоидаларига бепарволик билан қарайдилар. Масалан, жамоат транспортида чекиш мумкин эмас, аммо ҳайдовчилар орасида чекувчилар бор. Шунингдек жамоат транспортида тез аланга оладиган буюмлар: ҳавфли ёнувчи газ, спрей, лак ва шунга ўхшаш буюмларни ташиш мумкин эмас. Аммо бу фақат метрополитенда назорат қилинади, ер усти транспортларида афсуски, бунинг иложи йўқ", дейди уюшма ходими.
Ёниб кетган ўша автобус қарашли бўлган 3-автобус паркида эса ушбу саволга бош муҳандис Шишахўжаев Бахтиёр Мансурович жавоб берди:
"Энг аввал шуни айтиб ўтишни истардимки, ёниб кетган автобус наряддаги автобус эди ( яъни у шу куни рейсга чиқмаган). Ёнғиннинг асосий сабаби ёнилғи етказиб берадиган трубанинг ёрилиб кетиши бўлган. Бундай ҳолатда эса ёнғин юзага келиши учун озгина учқуннинг ўзи ҳам кифоя. Аммо бахтли тасодиф туфайли қурбонлар бўлмаган, ёнғин ҳам жуда тез бартараф этилган. Эндиликда бундай ҳодисаларнинг олдини олиш учун барча транспортлар синчиклаб текширилади. Яна бир муаммо шундаки, кўп автобусларимиз анча вақтдан бери фойдаланишда, уларнинг баъзиларига 10 йилдан ошди. Умид қиламизки, яқин орада бизнинг автопаркка ҳам янги автобуслар келтирилади. Фурсатдан фойдаланиб, йўловчилардан ҳам қатнов пайтида ҳавфсизлик қоидаларига риоя қилишларини сўраган бўлардик".