Главная » 2013»Iyun»4 » Автобус ва трамвай жетонларини икки баробар кўп сотиб олиш мумкин
22:17
Автобус ва трамвай жетонларини икки баробар кўп сотиб олиш мумкин
"Тошшаҳартрансхизмат" Ассоциацияси автобус ва трамвайлар учун йўл ҳақи тўлови учун чиқарилган жетонларни бир мартада сотиб олиш лимитини икки баробарга кўпайтирди.
Ассоциациядан хабар беришларича, йўловчиларга қўшимча қулайлик яратиш мақсадида 2013 йилнинг 3 июнидан бошлаб, банк пластик карточкалари орқали киоскалардан автобус ва трамвай тўлови учун сотиб олинадиган жетонларнинг лимити икки мартага оширилди.
Шундай қилиб агар бунгача бир киши кўпи билан 10 та жетон сотиб олиши мумкин бўлса, эндиликда бир мартада 20 та жетон харид қилишга рухсат этилади.
Жетонлар сотувига лимитнинг жорий этилиши мазкур янги тўлов тизимнинг эксперимент сифатида йўлга қўйилгани ва жетонлар сони чегаралангани билан боғлиқ. "Кўп миқдорда жетон сотиб олган йўловчилар уларни дарров ишлатишмайди. Жетонларнинг қайтиб келиши чўзилиши ҳисобига уларнинг айланишини ҳисоб-китоб қилиш қийинлашади" дейилади уюшма хабарида.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 1 мартидан бошлаб Тошкент шаҳрида автобус ва трамвайларда йўл ҳаққи учун тўлов сифатида нақд пуллар билан бир қаторда махсус жетонлар ҳам жорий қилинганди.
Нақд пул ва жетон билан тўловни амалга оширган йўловчиларнинг ҳар иккисига ҳам чипта берилади. Жетонларни ойлик йўл чипталари сотиладиган шаҳобчалардан фақатгина пластик карточкалар орқали харид қилиш мумкин.