Бугун умрида бирор марта ҳам антибиотик ичмаган одамни топиш мушкул. Айримлар соғлигида бирор муаммо пайдо бўлиши билан дорилардан нажот излайди, баъзилар эса уларни ҳатто шифокор тавсия қилган бўлса ҳам ичмайди. Хўш, бундай препаратларга қандай муносабатда бўлиш лозим? Улар ҳақидаги қарашлар қанчалик тўғри? Саҳифамиз эксперти — терапевт Нигора СУВОНҚУЛОВА.
1. «Ҳар қандай инфекцияга даво!»
Аслида антибиотиклар вирусларга таъсир қилмайди. Улар ёрдамида грипп ва шамоллашга қарши курашиш ўринсиз. Тўғри, гап болалар, кексалар ёки организми қайсидир сабабларга кўра заифлашган кишилар ҳақида борганда шифокор ўткир респиратор касалликларда бактериал асоратларнинг олдини олиш мақсадида антибиотиклар тавсия этиши мумкин. Лекин бунга шамоллаш касалликлари билан боғлиқ 6-8 фоиз ҳолларда эҳтиёж бўлиши мумкин. Афсуски, баъзилар гриппга чалинганда ҳам ўзи «ташаббус» кўрсатиб, антибактериал препаратларни қабул қилади. Бу эса шифокорларни хавотирга қўйиши табиий ҳол.
2. «Уларни қабул қилиш учун шифокор билан маслаҳатлашиш шарт эмас!»
Аслида эса оксациллин ва тетрациклин сут билан асал ёки малинали чой эмас. Лекин баъзилар болалигиданоқ ўзида бироз шамоллаш аломатини сезган заҳоти антибиотиклар қабул қилиб келган ва уларнинг «кучи»га ишонишади. Антибиотикларга худди халқ табобати воситаси сифатида қарайдиганлар ҳам топилади. Лекин бу мутлақо нотўғри!
Иккинчидан, бир-икки таблетка фақатгина акс таъсир кўрсатиши мумкин: «ўлдирилмаган» бактериялар дориларга чидамлиликни келтириб чиқаради ва натижада тузалиш жараёни узоқ давом этиши мумкин.
Учинчидан, дорилар нафақат даволайди, ножўя таъсирларни ҳам келтириб чиқаради. Шифокор антибиотиклар танловида эътиборли бўлиб, ножўя таъсирларини имкон қадар камайтиришга ҳаракат қилади. Ва албатта ножўя таъсирларини нейтраллаштирувчи қўшимча воситаларни ҳам тавсия этади.
3. «Ўта зарарли, уларни оғизга олиш керакмас!»
Аслида тўғри танланган ва шифокор назорати остида қўлланиладиган антибиотик организмнинг бошқа ҳужайраларига таъсир этмаган ҳолда қўзғатувчиларга қирон келтиради. Аммо инфекция билан кураш организмнинг ички муҳитида кечар экан, унинг структураси юз бераётган жараёндан таъсирланади. Тери ва сочнинг аҳволи ёмонлашади, иштаҳа сусаяди, овқат ҳазми бузилади… Лекин бу мазкур дори воситаларини ахлат қутига ташлаш кераклигини англатмайди! Яъни гап антибиотиклардан умуман воз кечиш ҳақида кетмаяпти. Ахир уларсиз даволаб бўлмайдиган бир қатор касалликлар бор: отит, гайморит, ўпка шамоллаши, пиелонефрит, қоннинг зарарланиши (сепсис)… Антибактериал терапия эса уларнинг асоратини йўқотиб, бемор ҳаётини сақлаб қолиши мумкин.
4. «Аҳвол яхшиланган заҳоти антибиотикларни бир четга суриб қўйиш зарур!»
Баъзилар негадир стандарт 5-7 кунлик муолажа схемасини қисқартириб, 3 кунлик қилиб белгилаб олишади. Аҳвол яхшиланган заҳоти эса даволанишни охирига етказмай, препарат истеъмолини тўхтатиб қўяди. Бу эса нотўғри! Аслида даволанишни охирига етказмай, препаратни ичишни йиғиштирган заҳоти инфекция янгича куч билан тиклана бошлайди ва вазият анча кучли антибиотик қўллашни талаб қилади.
5. «Препаратларни иссиқ сут ёки цитрус мевалар шарбати билан ичиш лозим!»
Аслида эса агар ошқозонга бир пайтнинг ўзида ҳам сут, ҳам антибактериал препарат тушса, дорини нейтраллаш жараёни бошланади. Яъни у касаллик қўзғатувчиларига таъсир этмайди. Апельсин, лимон шарбати антибиотикларнинг парчаланишини бузади ва улар қон таркибида белгиланган вақтдан кўп айланишда давом этади. Агар уларни спиртли ичимлик билан аралаштирилса, кўнгил айниши ва бош айланиши кафолатланади!
Маслаҳат: антибиотикларни (бошқа дори воситалари сингари) фақат сув билан ичинг. Препарат эриши ва қонга тўлиқ сингиши учун бир-икки ҳўплам эмас, бир стакан сув ичинг.
Ўз-ўзига ёрдам
Антибиотиклар воситасида даволангач, қайта тиклаш курсини ҳам ўташ лозим. У ўз ичига қуйидагиларни олади:
Кўпроқ суюқлик, кефир ичиш, кундалик таомномага йогуртни киритиш;
Витамин ва минераллар комплекслари қабули;
Гўдакларга дисбактериозга қарши махсус препаратлар ёрдам беради.