Мен Алишер Узоқов билан яқиндан таниш эмасдим. У ҳақида ҳеч кимдан сўраб-суриштирганим ҳам йўқ. У билан яккама-якка суҳбатимиз учун эса мана шу нотанишлик менга кўпроқ қўл келарди...
– Маълумки, санъатнинг аксарият ёш вакиллари ижодий фаолиятининг дастлабки пайтида тезроқ эътиборга тушиш, шуҳратга эришиш, чўнтак борасида муваффақият қозониш илинжи билан кун санайди. Унга ҳаммаси ўз фурсатида содир бўлиши ҳақидаги бировнинг эслатмалари керак эмас. Табиийки, у ўзи орзу қилган оламга, қулайликлару, эътиборга ҳам етиб боради. Хўш, кейин-чи? Энди бундан бу ёғига ёрқин ижод қилишнинг уддасидан чиқяптими? Йўқ! У қандай қўшиқ айтишу, қайси қаҳрамон қиёфасида бўлиш ҳақидаги тушунарсиз саволлардан азият чекиб яшайверади. Аммо бундан муҳимроқ бурч борлигини ёддан чиқаради. Сиз-чи?
— Тўғри, санъат соҳасида қайсидир маънода бир қадар эришганларим бор, аммо баъзи пайтларда мен ҳам уларнинг қадрига етмаганман. Аввало ўзимни машҳур деб аташ менга эриш туюлади, бу гапни тўғриси, ёқтирмайман. Мен буни халқнинг назарига тушиш деб изоҳлайман. Эҳтимол, халқнинг эътиборини қозонармиз, бироқ ҳамма гап шундаки, кейинчалик бу шарафни кўтариб юриш қийин кечади. Биласизми, кўпчилик бир пайтлар тилга тушиш орзусида юрганида, машҳурликка шошаётган пайтида айни ҳақиқатни тушунмайди, ҳис қилмайди, бунга идроки етмайди. Танилгач, унга нисбатан турли муносабатлар уйғониб, кўпчиликнинг назарида тушгандан сўнггина масъулиятни англай бошлайди...
— Мен сизни актёр сифатидаги иқтидорингиз, имкониятингизни "Сўнгги лаҳза” номли фильмда кўрганман. Бу каби лойиҳаларда ишлаш учун иштиёқингиз борлигини сезиш ҳам қийин эмас. Айрим режиссёрларнинг осон ва қулай ёндашувларига шерик бўлиб қолганингизни ҳам тўғри тушунаман. Қизиқ, сиз мана шу тарздаги шароит билан келишаверасизми ёки бу вазиятни озгина ўзгартиришга уриниб кўрасизми?
– Ҳа, албатта ўзгартиришга ҳаракат қиляпман... Ҳозир съёмкаларда қатнашмаётганимнинг сабаби ҳам шу билан боғлиқ. Ваҳоланки, бундан икки йил муқаддам ҳар икки ойда менинг иштирокимдаги кинокартиналар экран юзини кўрарди. Энди томошабиннинг кўнглини қолдиришни хоҳламайман. Лекин кинодаги ҳозирги ҳолатга тўғри баҳо берганимиз маъқул... Масалан, кимдир маълум бир нуқтада турган бўлса, унга "бу ердан қоч, сенга мумкин эмас”, деб айтиш нотўғри. Аввало бунинг сабабини тушуниб олиш керак. Эҳтимол у ўзи учун муҳим жойда тургандир. Агар ҳақиқатдан унга шу ерда туриш эҳтиёж саналса, ҳар қандай савол, эътироз ўринсиз бўлади... Сиз тилга олган "Сўнгги лаҳза”нинг ютуғи сабаблари бор: фильмнинг сценарийси яхши, режиссёр иқтидорли, профессионал оператор ишлади, костюмлар тўғри танланган, ва ҳоказо... Қисқача айтганда, ижодий жамоа кучли эди!.. Тушунинг, айрим вазиятлардан ўтиб олишим учун битта ўзим ҳаракат қилмаслигим керак-да. Мен қайсидир фильмда роль ўйнамасам ҳам кино бўлади, бўлган, бўлаверади. Шуниси аниқки, биз ўз имконият ва иқтидоримизни тўғри баҳолай олишимиз керак. Саънатга кириб келиш бу — масаланинг бир томони бўлса, ўз вақтида муносиб кета олиш ҳам жуда муҳим. Мен футболни мисол қиламан. Айрим футболчилар 33 ёшда, мухлислар олқишига кўмилиб юрган бир пайтда ўз фаолиятини жуда гўзал якунлайди. Баъзилари бор, ёши қирққа киргунича ўйнайверади, захирачилар ўриндиғида ўтирса ҳам стадионни ташлаб кетмайди. Вақти келиб футбол билан хайрлашишга чоғланганида уни бутун стадион ўрнидан туриб, олқишлаб кузатиб қўймайди. Умуман олганда, кимгадир ўз соҳасида кўпроқ, кимгадир камроқ талаб бўлади. Бу ҳақиқатни санъаткор ҳам тушуниши, ҳис этиши керак деб ўйлайман. Ўшанда ҳаётнинг шираси, жозибаси йўқолмайди.
— Ким нима деса десину, мен учун профессионаллик муҳимдир. Эҳтимол ҳаваскорлик бошланғич паллада ярашар, аммо у барибир бошқаларга ҳеч нарса бермайди. Мен профессионал муаммолар ҳақида бош қотираётган эканман, демак, кунларим бекор кетмаяпти, қанақадир нисбий гап-сўзлар ҳақида ўйлашга вақтим йўқ. Сиз ҳам профессионал талабларга жиддий қарайсизми?
— Хабарингиз бор, кинода иккита режиссёрлик ишим бор. Биринчисини билмадиму, аммо "Энди дадам бўйдоқ” фильми оз бўлса-да, томошабин эътиборига тушди, ўтган йили ҳатто "Йилнинг энг яхши фильми” мукофотини қўлга киритди. Лекин бунақа натижа хаёлимга ҳам келмаган. Фильм экранларга чиққанига бир йилдан ошди. Шу вақт оралиғида менга жуда кўп таклифлар бўлди, яна шунақа комедияларни суратга олишимни сўрашди. Аммо энди ўзимда истак йўқ. Профессионал нуқтаи назардан "Энди дадам бўйдоқ”ни тўлақонли фильм деб билмайман. Чунки шундай тушунчага етиб келдим. Мен яна "Энди акам бўйдоқ”, "Энди у бўйдоқ, бу бўйдоқ...” туркумларини қаторлаштириб ташласам бўларди, лекин тўхтадим. Мен буни хоҳламайман! Қолаверса, ўша тилга тушган фильмимнинг умри ҳам бор-йўғи 4-5 ойга етди, холос. Ҳозир мени касса деган нарса умуман қизиқтирмаяпти. Айни пайтда катта лойиҳа — катта бюджетли фильмга қўл урдим. Мен қўрқмасдан лойиҳа мазмунини тушунадиган, ҳамфикр ҳамкорларни излаяпман. Бу билан катта бурилиш қиламан демоқчи эмасман, албатта. Менга маъқул бўлаётгани – энг асосийси, истак уйғонди, хоҳиш бор, ҳаракат бошланди. Эҳтимол мен бунинг уддасидан чиқмасман, аммо қачондир бошқа биров шу ишга қўл урса, аввал Алишер уриниб кўрганди, деб қолар. Шу жиҳатдан уларга қандайдир туртки берганим учун ҳам ўзимдан миннатдор бўлавераман.
— Мен томошабин шуни хоҳлаяпти, деган баҳона билан қўл уриладиган фильмларга ёки тингловчи талаб қиляпти деб ёлғон билан ёзилаётган қўшиқларнинг умрига ишонмайман. Ишонмаслик учун асосим бўлмаса, бундай демасдим. Ахир инсонларни майда нарсаларга лойиқ кўриш мумкинми?
— Мен ҳеч иккиланмасдан айтаман: бугун томошабинларнинг савияси бир қадар ўсди, чунки кинотеатрларда одам кам. Шу гапимнинг ўзи кўп нарсани изоҳлайди. Агар томошабинларнинг талаби ўзгармаганида ҳозирги фильмларнинг барчаси шов-шув бўларди. Уларни алдаш мумкин эмас. Ўзингиз ўйлаб кўринг: агар битта фильмни 30 кишилик гуруҳ суратга олса, уни 30 миллионга яқин одам кўради, тўғрими? 30 нафар одам ақлан кучлими ёки 30 миллион? Масаланинг мана шу томони бор-да! Шу каби вазият менга ҳам туртки берди. Мен бундан хурсандман.
— Санъат ичидаги айрим тенгқурларингиз бошқалар тасаввури учун ўзларига юзаки ва ёлғон ҳимоя қуришади, газета-журналларга эслаб қолишга лойиқ бўлмаган маълумот, интервьюлар беришади, улар турли хил уст-бошлари билан эътиборни тортиш ҳаракати билан бандлар... Ахир ҳаёт бу каби юзакиликдан иборат эмас. Ваҳоланки, инсонга завқ улашадиган омиллар шу қадар кўпки, уларни бошқалардан ҳам кўра санъат кишилари кўпроқ илғай олишлари керак... Мен сизни шу жиҳатдан ҳам тушуниб олмоқчиман...
— Мен бировларнинг тасаввури учун ўзимни яхши қилиб кўрсатмайман. Тўғриси, баъзида одамови бўлиб қолишимни ҳам яширмайман. Лекин самимийлик, оддийликнинг асл кучини кўпроқ сезаман. Яна бир гап: аввало санъатга адашиб келиб қолмаганим учун худога шукр қиламан. Агар мен санъаткорлар сулоласида туғилмаганимда, ижод қилишни кейин ўзлаштирганимда ҳозир менга отилаётган тошлар ўн баравар кўп бўларди. Мен ўзимни санъат одами деб санайман. Яқинда клиникага бориб даволандим, психологдан маслаҳат олдим. Мендаги муаммо шундаки, кечаси мутлақо ухлолмайман, тунда овқатланаман, тонггача юриб чиқаман. Клиникадаги мутахассислар бу ёмон, деб бошларини сарак-сарак қилишди. Ҳамма касаллик тартибга амал қилмасликда, дейишди. Даволаб кўришди. Мен тартибга бўйсунишга уриндим. Бироқ натижа йўқ! Шу боис шифокорларнинг охирги хулосаси ёзилган касаллик варақамни олмасдан ҳам кетиб қолдим. Майли, эҳтимол, 80 йил соғлом ҳаёт кечирмасман, лекин қирқ-эллик ёшгача бўлса ҳам, худо берган умр давомида ижодкорга хос бедаволик билан яшарман. Ҳатто фильм съёмкалари бошланмасидан олдин бутун гуруҳга ҳам айтиб қўяман: эрталаб соат 9 га етиб келолмайман. 12 ларда уйғонсам, демак, соат 14 да ишга киришишим мумкин.
— Кўплаб муаммолар ижодкорнинг муносабат доираси торлиги билан боғлиқ, бу аниқ. Ахир бу доирани қанча кенгайтирса, у шунча ёрқин инсонларни топади, ёрқин фикрларга дуч келади...
— Яқинда бир инсон билан танишдим. У билан тез-тез суҳбатлашиб турибман. Ўша инсон дунёқарашимнинг ўзгаришига туртки бўлди. У туфайли ҳатто ўзимга бераётган баҳомни ҳам қайта кўриб чиқдим. Унга раҳмат айтаман...
— Оилада сиз билан ҳисоблашишларини хоҳлайсизми?
— Ҳисоблашишми?.. Оиламиз кичкина... Онам, турмуш ўртоғим, 8 ойлик ўғлим... Бу борада катта талабларим йўқ. Лекин ҳозир вазият шундайки, бошқа томондан олиб қарасам, ўзим уйдагилар билан ҳисоблашишимга тўғри келяпти. Уйланмасимдан аввал онам менга индамасди, ярим тунда келсам ёки эрталаб қайтсам ҳам бунга оддий қарарди. Ахир бу ижодий бедорлик. Мен ёлғиз кўча айлангим келиб қолади, қўшиқ эшитаман, таниш-билишлар билан мулоқот қиламан, ярим тунда ўйлайман, режа тузаман... Энди эса бу ҳолатимни аёлимга ётиғи билан тушунтириб туришим керак...
— Алишер, биласизми, оталар фарзандлари туғилганидан сўнг энг муҳим нарсаларни ўрганиб боришади, тушунишади, тан олишади. Сиз ўғлингиз баҳонасида нималар ҳақида ўйлаяпсиз?
— Ўғлим гарчи жуда кичик бўлса-да, лекин у билан боғлиқ ниятларим жиддий. Уни муносиб ўсиб-улғайсин дейман. Катта бўлганида бошқаларнинг эътирозларига сабаб бўлишини хоҳламайман. Бу каби жиддий ўйлашимга эса асос бор: биз сулоламиз шаънига лойиқ бўлишимиз керак. Икки йил аввал хусусий радиолардан бирида суҳбатлашаётганимда бошловчи асабга тегадиган киноя билан менга: "Сиз, мана кинода ўйнаяпсиз, қўшиқ айтяпсиз. Узоқовлар сулоласини муносиб давом эттиряпман деб ўйлаяпсиз-да?..” деб мурожаат қилганди. Ўшанда ўзимни босиб, "Агар мен шу сулолага заррача бўлса-да, доғ тушираётган бўлсам, ҳозир ўзимни мана шу қаватдан ташлаб юбораман”, дедим. Ахир бу мен учун фожиа. Балки мен бобомдек ёки дадам каби халқнинг эътиборига тушмасман, бироқ улар юз фоиз ҳурмат қозонган бўлса, мен атиги 5 фоиз тилга тушсаму, шундан 95 фоизи кемтик турса ҳам, бу – мен учун бахт. Лекин халқнинг 5 фоизи бир ёқда қолиб, ҳатто 1 фоизи мени хуш кўрмаса, бу ҳам мен учун фожиа. Мен қўлимдан келганича ишончни оқлашга ҳаракат қиламан, қўлимдан келганича!..