Одамлар суҳбатидан кимнингдир "Эркаклаб кетгани” ҳақидаги сўзлар қулоғингизга чалинган бўлса керак. Тушунган аёл гап нима ҳақидалигини фахмлашга улгурди. Аммо билмаганлар учун аёлнинг эркаклаб кетиши деб, бу унинг организмида эркаклик гормони яъни тестостероннинг меъёрдан ортиб кетишига айтилади. Муаммонинг асл негизига келсак, тестостерон аёлнинг нафақат ташқи кўриниши балки ҳомиладорликка тўсқинлик қилиши ҳам мумкин. Мавзу юзасидан кўпроқ маълумотга эга бўлишни истасангиз, диққат қилинг.
Аслида, аёлга организми учун тестостерон керакми?
Ҳа, организмнинг бошқа ҳаётий функциялари қаторида тестостерон гормонининг ҳам ўз ўрни бор.Мана масалан, у даставвал тухумдон ва фолликулаларнинг меъёрда ривожланиши учун бевосита иштирок этади. Шунингдек, суяк тўқималари ва ёғ безларининг ишлаш фаолиятини меъёрлаштиради. Кўриб турганингиздек, бу гормоннинг аёл организмида муҳим вазифаси бор.
Меъёри қанча бўлади?
Аёлнинг қонида тестостерон гормонининг меъёр кўрсаткичи 0,45-3,75 нмоль/л бўлиши керак. Фақат овуляция даври давомидагина унинг миқдори бироз кўтарилади. Бу ҳам аслида меъёр бўлиб, ҳайз цикли билан боғлиқ дея бахоланади. Бироқ юқорида келтирилган кўрсаткичдан юқориси мунтазам кузатилса, албатта шифокорга мурожаат этиш керак.
Ташқи белгиларининг бўлиши ростми?
Ҳа, рост.Одатда тестостерон гормонининг меъёрдан ортиқлиги аёлнинг ташқи кўринишида акс этади. Дастлабки белги сифатида аёлнинг танасини тук қоплаши (оёқ,қўллар, кўкрак соҳасида,қулоқлар атрофлари) ҳолатини айтиш мумкин. Организмнинг индивидуал кўринишидан келиб чиқиб, баъзиларда соч тўкилиши, ҳуснбузарларнинг ўз-ўзидан кўпайиши, руҳий зўриқиш ва хайз цикли тартибининг бузилиши (давомий эмаслиги) билан ҳам кузатилиши мумкин. Эхтимол бу вақтда аёл эркакларга ҳос тарзда ўзгариб борса керак деб ўйларсиз. Аммо бунга қадар юқорида келтирилган белгилар ҳам касаллик ҳавфидан огоҳ бўлиш учун етарли бўлади.
Касалликнинг сабаби қаерда?
Аёл организмида қалқонсимон без, сут безлари, буйрак ости безлариҳамда тухумдонлар бир-бири билан узвий боғлиқ. Қай бирида ўзгариш сезилса бошқаларига ҳам таъсир этмай қолмайди. Тестостероннинг ортиб кетишига келсак, унинг сабаблари сифатида бир нечта омилларни келтириш мумкин.Жумладан:
Буйрак ости безларининг зўриқиб ишлаши;
Қалқонсимон без фаолиятидаги ўзгаришлар;
Айрим препаратларнинг таъсири;
Организмда гормонал меъёр (баланс) нинг бузилиши.
Қон таҳлили қандай ўтказилади?
Эрталаб оч қоринга (тишларни ҳам тозалаш мумкин эмас) вена қон томиридан қон таҳлили учун намуна олинади. Сўнг лабаратория текширувида тестостерон миқдори аниқланади. Одатда бу турдаги таҳлилни ҳайз циклининг биринчи кунидан бошлаб, 6-7 кунлари ўтказиш тавсия этилади.Таҳлил хулосасига кўра ортиқча миқдор аниқланса, шифокор кўриги асосида муолажа тури тайинланади.
Даволаш мумкинми?
Ҳозирда қондаги тестостерон миқдорини меъёрлаштирувчи кўплаб препаратлар ишлаб чиқилган бўлиб, белгиланган тартибга риоя қилиб қабул қилинса яхши натижага эришиш мумкин. Шуни алохида таъкидлаш жоизки, гормонлар билан ишлашда гинеколог билан ҳамкорликда эндокринолог ҳам муолажада иштирок этгани маъқул. Муоалажа давомийлиги ҳар бир организмнинг индивидуал ҳусусиятидан келиб чиқиб, давом этиши мумкин.
Ҳомиладор бўлиш мумкинми?
Агар доимий шифокор назоратида бўлиб, барча даволаш муолажалари ўз вақтида қабул қилинса ҳомиладор бўла олиш мумкин. Бироқ ҳомиладор бўлгач ва кўзи ёригандан кейин ҳам албатта шифокор кузатувида бўлиш тавсия этилади. Айрим ҳолатларда туғруқдан сўнг ҳам муоалажа давом эттирилиши мумкин. Ҳар қандай вазиятда шифокор томонидан кўрсатилган муддатда таҳлил намуналарини топшириб туриш зарур.
Касалликка эътиборсиз бўлиш...
Биринчи навбатда бепуштликка олиб келиш хавфи бўлганлиги учун ҳам диққатни талаб қилади. Хайз циклининг мунтазам ўзгариши, тухумдонларнинг зўриқиб ишлаши кабилар ҳам касаллик асоратлари сифатида жиддий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Касаллик тўлиқ ёки пала-партиш даволанганда эса ҳомиланинг тушиши, ҳомиладорлик ва туғруқнинг оғир кечиши кабилар юзага келиши мумкин.
Ўзингизга ёрдам бероласиз...
Бунинг учун соғлом турмуш тарзини юритиб, тўғри овқатланишга одатланинг. Таомномангизда олма, гилос, гуруч ва буғдойдан тайёрланган махсулотлар бўлишига эътибор беринг. Спорт машқлари кундалик вазифангизга айлансин. Эрталаб 15-20 дақиқа жисмоний машқлар билан шуғуллансангиз, кечқурунлари ярим соатлик сайрга чиқинг. Ўз вақтида аёллар кўригидан ўтишга эринманг. Организмингиздаги ҳар бир ўзгаришга аҳамиятли бўлинг.
Олий тоифали акушер-гинеколог Асал Шукурова тавсиялари асосида Самира Улуғбекова тайёрлади