SHERLAR.BIZ Shanba, 23.11.2024, 10:56
Приветствую Вас Mehmon | RSS
Меню сайта
Категории раздела
Muchalingiz haqida [12]
Yigitlarga Maslahatlar [10]
Qizlarga Maslahatlar [17]
Oilaviy Maslahatlar [16]
Sevgi Maslahatlari [9]
Xayotiy Maslahatlar [16]
Наш опрос
Sayt haqida fikringiz
Всего ответов: 285
Мини-чат
Статистика


Hozirda saytda: 1
Mexmonlar: 1
Foydalanuvchilar: 0
Главная » 2014 » Noyabr » 6 » ЎРНИДА БЕРИЛГАН ТАНБЕҲ
01:50
ЎРНИДА БЕРИЛГАН ТАНБЕҲ
«Ўқиётган намозингиз ҳалолми?» Бу гап Мунисанинг миясидан кириб товонидан чиқди. Бир автобус одамнинг нигоҳи у билан чиптачига қадалди. Аёлнинг бошқа гаплари ҳам бир бўлди-ю, буниси бир бўлди. Энди Мунисанинг ҳам аччиғи чиқди.
– Нега намозимга осиласиз? Қўлингиздан келса сиз ҳам ўқинг! – деди.
– Намоз ўқиб туриб одамни алдашга уялмайсизми?
– Аҳволингиздан сиз уялинг!
– Нега мен уялишим керак? Ишласам, қонуний ишлаяпман, кимнинг қандайлигини Худо билади. Мен ҳеч кимни алдаётганим йўқ.
Тортишув чўзилиб кетди. Муниса автобусдан тушиб то манзилига етгунча ўйланиб кетди. Ёш тўлган кўзларини ердан узолмас, одамларнинг юзига қаролмасди. Нега? Ахир, ҳозиргина ҳақиқат учун курашаётганди, ҳатто чиптачига насиҳатга ўхшаган гаплар ҳам айтди. Бироқ... ҳеч ким билмаса ҳам ўзи биларди – ҳаммасини айбини ёпиш, одамлар кўз олдида ёлғончига чиқмаслик учун қилди. Майли, одамларни-ку алдади, лекин ҳамма нарсадан, кўнгиллардаги асрорлардан-да огоҳ Зотни ҳам алдаш мумкинми? Ҳамиша шунақа, гуноҳни қилиб бўлгач, мулоҳаза юритади яхши иш бўлмади деб. Чунки... чунки чиптачи аёл тўла ҳақ эди. Янаям инсофли экан ўша аёл, тушаётганида қўлига йўл чиптасини тутқазди...
Муниса чиптачи аёлга «Аҳволингиздан уялмайсизми?», – деганини эслаб, ўзи уялиб кетди. Кийимини назарда тутдими? Тўғри айтди аёл, кимнинг қандайлигини Худо билади. Муниса рўмолда эди, ҳижобда эди. Лекин гап либосдами? Ҳужжати сохтайди ростдан ҳам. Бироқ бунақа одамлар камми, қанча одам алдовлару ёлғонлар ҳисобига кун кўраётганига кўп бор гувоҳ бўлган. Қиз ўзини шу йўл билан оқламоқ истади. Оқлолмади, чунки ўзи биларди, ўқиганди, фақат уқмаган экан. Қилган гуноҳини бировникига солиштириб, мен ундан кўра озроқ гуноҳ қиляпман-ку, дейиш баҳонадан бошқа нарса эмаслигини жуда яхши англарди у. Мажбурликдан қилдим, дейиш ҳам ноўрин. Муниса кечагина дугонаси билан бўлган суҳбатдаги гапларини эслади. Ваъда бериб бажармаган бир инсондан нолиш асносида куйиниб: «Бажарса бўладигандек туюлган вақтда берилган ваъдани уддасидан чиқолмай қолганда, иложи бўлмади, деб бажармай кетаверишликни ҳеч нима билан оқлаб бўлмайди. Бир ёмон ишга эҳтиёжи бўлмаган пайтда қилинмай, манфаат унадиган вақтда мурожаат қилинаверса, у имон мустаҳкам имон ҳисобланмайди-ку!» Демак, ўша пайтда бу гапларни ўзи учун айтган экан-да...
«Ўқиётган намозинг ҳалолми?» Бу гапни Муниса ўзига ўзи ҳам неча бор қайтарган. Бирон одамга қаттиқроқ гапириб юборса ҳам хавотирга тушиб қолади. Чунки ёмон амалларим намозимни, ибодатимни зое қилиб қўймасин деб қўрқади. Қиз ўзидан оғриниб кетди – ҳали у билганлари, гуноҳ деб ўйлаган ишларидан надомат чекаяпти. Лекин ўзи билмаган, эсидан чиқарган, ҳатто гуноҳ деб хаёлига келтирмаган амаллари қанча бўлса экан... Тўғри, ҳар ишда Аллоҳнинг раҳматидан, мағфиратидан умидини узмаслиги рост, лекин бу истаганингча гуноҳ қил деганимас-ку.
Бугунги воқеа ҳам мажбурликдан қиляпман, деган оқлов бекорлиги, бу иши нотўғри эканлиги уқтирилиб, бир бандаси воситасида берилган танбеҳ. Муниса шу ўй асносида яқиндагина ўқиган бир нақлни эслади. Шайх Абубакр Воситийнинг муридларидан бири жума куни ғусл қилмай намозга чиқибди. Бироқ масжидга боргунча йиқилиб, жароҳатланибди ва ғусл қилиши лозим бўлибди.
Шунда Шайх дебдилар:
– Мунга шод бўлғил, сени қийнаб панд берибдилар – бу қабулнинг белгисидир. Агар сени ўз ҳолингга қўйганда ва ғусл қилмасанг эди – сени ташлаган бўлур эди.
Муниса йиғлаб борарди. Ўз ҳолига ташлаб қўйилмагани учун шукр, ҳозиргина гапирган ёлғонларига, нафсидан ғолиб бўлолмаганига надомат ифодачиси эди бу йиғи.
«Аҳволимни, ахлоқимни ислоҳ қилгин, ўз ҳолимга ташлаб қўймагин. Ҳозиргина бошимдан кечган иш тилимдан тушмай қолган шу дуонинг ижобати бўлса не тонг! Зеро, ҳеч бир иш бутун оламларнинг Рабби, ҳикмат соҳиби бўлган улуғ Мавлонинг амрига, изну ихтиёрига номувофиқ бўлмас. Ва Ўзига илтижо қилиб, фақат Ўзигагина таваккул қилган қулларини ҳеч қачон раҳматидан бебаҳра қўймас». Бу ўйлардан Мунисанинг изтиробдан ўртанаётган кўнгли таскин топди. Шу лаҳзаларда қизнинг кўнглида истиғфор ва шукроналик туйғулари уйғунлашиб кетганди.

Зумрад Фозилжон қизи
Категория: Oilaviy Maslahatlar | Просмотров: 991 | | Рейтинг: 5.0/2
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Noyabr 2014  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
     12
3456789
10111213141516
17181920212223
24252627282930
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • База знаний uCoz
  • Copyright MyCorp © 2024Хостинг от uCoz