Статистика |
Hozirda saytda: 4 Mexmonlar: 4 Foydalanuvchilar: 0 |
|
Главная » 2014 » Noyabr » 6 » Имонни кучайтириш учун 6 тавсия
01:25 Имонни кучайтириш учун 6 тавсия |
оат намоз вақти кирганини билдириб турса ҳам, кўзларингизни уйқудан очишни истамайсиз. Ёки таҳорат олишга эриниб, намозни сўнгги дақиқаларига қадар қолдирасизу, кейин шоша-пиша адо қиласиз. Аммо "Шошилганнинг шериги шайтон” деганларидек, адо қилган намозингиздан кўнглингиз тўлмайди. Ёки ойнайи жаҳонга тикилган кўйи намоз вақти кирганини "унутасиз”. Бу каби ҳолатлар ҳар биримизга таниш бўлса керак. Баъзан имонимиз сустлашиб, заифлашиб бораётганини ҳис қиламиз, бироқ уни қандай амаллар билан мустаҳкамлаш борасида кўп ҳам бош қотирмаймиз. Кечагина намозни вақтида ўқишга шошилардик, кунда ҳеч бўлмаса бир саҳифа Қуръон тиловат қилмасак, кўнглимиз жойига тушмасди. Энди эса яхшилик ва ўзимизни ислоҳ қилишга бўлган бундай ҳаракатлар ўрнини ялқовлик ва турли баҳоналар эгаллаб олган. Энг ёмони, кун ўтгани сари улар кўпайиб бораверади. Аслида, мўмин учун имонини йўқотишдан кўра каттароқ кулфат йўқ. Ҳар бир иш меҳнат талаб қилганидек, имонни мустаҳкамлаш учун ҳам ҳар бир мўмин ва мўмина доимо ҳаракатда бўлиши зарур. Қуйидаги тавсиялар бу йўлда барчамизга яхши ёрдамчи бўлади, деб умид қиламиз.
1 - Қатъиятли, иродали бўлинг!
Истак бўлса, имкон топилади, деган ибора деярли барчамизга таниш. Бир қарашда жуда жўн бўлиб кўринган бу сўзлар замирида ҳақиқат яширин: ўзингни ўзгартириш учун ҳаракатни бошламас экансан, ҳеч нарса ўзгармайди. "Албатта, Аллоҳ бирор қавм ўзларидаги нарсани(неъматларга нисбатан муносабатни) ўзгартирмагунларича, улардаги нарсани (ҳолатни ёмон ҳолатга) ўзгартирмас” (Раъд, 11). Барча ўзгаришлар инсоннинг ўзидан бошланади: фаолликни истаган кишини ҳеч нарса тўхтата олмайди, иншаАллоҳ. Фақат оний истакларга диққатингизни бўлманг, Аллоҳдан дуо билан ёрдам сўранг. Аллоҳ таоло ёрдамида олдингизга қўйган барча мақсадларингизга эриша оласиз.
2 - Намозга диққат қилинг!
Ҳар қандай ҳолатда, ҳатто намоз вақтида фикрларингизни йиға олмаган тақдирингизда ҳам ибодатни зое қилманг, албатта адо этинг! Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: «Мунофиқларга энг оғир намоз – хуфтон ва бомдоддир. Агар бу икки намозда қандай савоб борлигини билишганида эди, эмаклаб бўлса-да келган бўлишарди. Хоҳлардимки, буюрсам, намозга такбир айтилса, сўнгра бир кишини ўрнимга одамларга намоз ўқиб беришга буюрсам, – ўзим эса – ўтин кўтарган одамлар билан биргаликда жамоат намозига келмаётган кишиларнинг уйларига бориб, устиларидан ёқиб юборсам» (Муттафақун алайҳ). Мунофиқлардан бўлиб қолиш мўмин қалбга қўрқинч солади. Шундай экан, намоз борасида диққатли бўлинг. Доимо тўкис ва вақтида адо этишни ўзингизга одат қилинг.
3 - Қуръон ўқинг!
Қуръони карим оятлари ҳар бир қалбга малҳам; имонли юракка нур мисоли сингади ва уни тўғри йўлга чорлайди. "Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят этур ва эзгу ишларни қиладиган мўминларга катта мукофот борлиги ҳақида башорат берур” (Исро, 9). Имом Ибн Қаййим бундай дейди: "Қуръон шифо бермаган кишига Аллоҳ шифо бермабди, Қуръон кифоя қилмаган кишига Аллоҳ кифоя қилмабди”. Дин ва дунё амалларини бажаришда қалбингизда шижоат камайиб бораётганини ҳис қилишингиз билан Қуръони каримнинг истаган саҳифасини очинг ва кўзингиз тушган оятларни ўқинг. Маъносини тушунишга ҳаракат қилинг, нозил бўлиш тарихини ўрганинг. Қуръон тиловат қилиш имонни чархлайди. Унинг ҳар бир оятида тафаккур қилувчи инсон ўзига насиҳат ва ўгит олади.
4 - Саҳобийлар ҳаётини ўрганинг, ўрнак олинг!
Мўмин-мусулмон умри давомида Қуръон ва суннатни ўзига дастуриламал қилиб олади. Ўзини қийнаган саволларга жавобни Қуръон ва ҳадисдан топади. Аммо баъзан кишининг ёши ёки илмининг камлиги сабаб, ўзига керакли бўлган жавобларни топишда қийинчилик сезиши мумкин. Ислом тарихи, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва саҳобаи киромлар ҳаётларини ўқиб-ўрганиб, бизни қийнаётган саволларга жавоб билан бирга, ибрат, ўрнак ҳам оламиз. Бу қалбимиздаги шижоатни янгидан жўштириб, имонимизни мустаҳкамлашга ёрдам беради.
5 - Таҳажжуд намози ва нафл рўзаларига эътиборли бўлинг!
Рамазон ойида бутун дунёдаги мусулмонлар рўза тутишга, улкан савобдан баҳраманд бўлишга ҳаракат қилади. Бу ойда шайтонлар кишанланиб, жаннат эшиклари очилади. Бу ой ўтгач эса кейинги Рамазонни кута бошлашади. Чунки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Агар катта гуноҳлардан сақланиб юрилса, беш вақт намоз, жума намози ўзидан кейинги жума намозигача, Рамазон келгуси Рамазон ойигача ўртада қилинган гуноҳлар учун каффорат бўлади”, деганлар (Муслим ривояти). Абу Умомадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Мен: "Эй Аллоҳнинг расули, менга Аллоҳ манфаат берадиган ишни амр қилинг», дедим. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Рўзани лозим тут, унинг ўхшаши йўқдир”, дедилар» (Насоий ва Ҳоким). Рўза инсон қалбини тозалайди, имонини янада мустаҳкамлаб, гўзаллаштиради. Айниқса, рўзадор яхши амаллар қилишда давом этса, бу унинг гуноҳлардан тийилишига васила бўлади.
Шунга кўра, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатларига амал қилган ҳолда душанба ва пайшанба кунлари рўзадор бўлишни одат қилинг. Кўзингизни фаҳшдан, тилингизни ёмон сўздан тийинг. Ёрдамга шошилувчилардан бўлинг, атрофингиздаги инсонларга кўмак беришга, уларга ёрдам қўлини чўзишга, ҳеч бўлмаса, ширин гап билан жонларига оро кириш ҳаракатида бўлинг.
Ҳадиси шарифларда рўзадор икки марта қувониши ҳақида сўз кетади. Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳ таоло: "Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Ўзим бераман”, деди. Рўза сақловчидир. Қачон қайси бирингиз рўзадор бўлса, фаҳшдан гапирмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса, мен рўзадорман, десин. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зот ила қасам, албатта, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир. Рўзадорга икки хурсандлик бордир. У иккисини ҳам яшагай. Қачон ифтор қилса хурсанд бўлгай ва қачон Раббисига мулоқот бўлганда рўзаси ила хурсанд бўлгай”, дедилар» (Муттафақун алайҳ).
6 - Жаннат васфини ўқинг!
Имонингизни мустаҳкамлаш учун охиратда сизни кутаётган мукофотларни: жаннат, унда сизни кутаётган неъматлар, боғ‑роғлари, инсон ақли тасаввур қила олмайдиган неъматлар ва муаммо, қийинчиликлар бўлмаган ҳаёт ҳафида фикр қилинг. Буларнинг барчасига эришиш учун ҳар бир мўмин фарзларини бажаришда, савоб ишларда ғайратли, гуноҳ амаллардан узоқ бўлиши зарур. "Уларга олтин лаганлар(да таомлар) ва қадаҳлар(да шароблар) айлантирилур. У жойда кўнгиллар тилайдиган ва кўзлар лаззатланадиган (барча) нарса бордир. Сизлар у жойда (жаннатда) мангу қолурсиз. Қилиб ўтган амалларингиз учун сизларга мерос қилиб берилган жаннат мана шудир” (Зухруф, 71–72).
Исломда ҳар бир амалнинг ажри бор. Яхшиликни исташ, Аллоҳ розилиги йўлида эзгу ишга ният қилиш ҳам савоб саналади. Имонингизни мустаҳкамлашда Ислом арконларига амал қилишда давомли бўлинг ва мукофотини Парвардигордан умид қилинг.
|
Категория: Xayotiy Maslahatlar |
Просмотров: 1366 |
| Рейтинг: 5.0/7 |
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи. [ Регистрация | Вход ]
|
|
|