Статистика |
Hozirda saytda: 6 Mexmonlar: 6 Foydalanuvchilar: 0 |
|
Главная » 2014 » Noyabr » 6 » ФАРЗАНД ТАРБИЯСИГА БОШҚАЧА НАЗАР
01:49 ФАРЗАНД ТАРБИЯСИГА БОШҚАЧА НАЗАР |
Фарзанд – ширин неъмат, дейишади. Бу исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. Ва ҳар бир киши ўз фарзанди учун мукаммал ота ёки она бўлишга ҳаракат қилади. "Ота‑она боласига ёмонликни раво кўрмайди” – бу ҳам сўзсиз исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатлар сирасига киради. Аммо ҳар доим ҳам тўғри бўлиб чиқавермайди. Боласини ортиқча эркалатиб бошига чиқариб юборган она ҳам, ортиқча қаттиққўллик оқибатида фарзанднинг ўзига ишончини йўқолишига сабаб бўлган ота ҳам – уларнинг барчаси ўз фарзандига яхшиликни раво кўрган. Яна мақолларимизда келтирилишича, "Ҳар нарсада меъёр лозим”. Мана шу ўй‑фикрлар оғушида ўтирар эканман, қизимнинг тапур‑тупур югурган оёқ товушлари қулоғимга чалинади. Ҳаёлларимни бўлган бу кичик тўполончига нисбатан жаҳлим чиқади. Ва ҳатто унга "зараркунанда” тамғасини ҳам босаман.
Ойи, кўчага чиқсам майлими? – дейди ўз "тўполон”ларидан бехабар қизим.
Йўқ, ‑ "тўполон”лари учун ўч олишга киришаман ундан.
Нимага?
Куни билан кўчада санғиш керакми? Ундан кўра, тинчгина ўтириб китоб ўқисанг бўлмайдими? Бирорта фойдали иш қилсангчи?!.
Илтимос, ‑ дея иложи борича сўзни чўзади қизим. Худди илтимос сўзи узоқ айтилса, онасига мўъжизакор таъсир қилишига умид боғлагандек.
Йўқ!
Нимага шунақа қиласиз? Ўзингиз хоҳлаган ишингизни қиласиз‑ку, нега менга рухсат бермайсиз?
Яқинда ўқиган китобимдаги лавҳа ёдимга тушади. "‑ Пеппи, нима қилаяпсан, ‑ даҳшатдан бақириб юборди Анника, ‑ ҳамма еринг ҳўл бўлди‑ку!
Бунинг нимаси ёмон? – Ҳайрон бўлди Пеппи. – Болаларнинг ҳаммаси қуруқ бўлиши керак деб ким айтди?”
Бўлажак фарзандингизга ҳомиладор экансиз, у ҳақида турли орзулар қурасиз. У ширингина ва жуда чиройли бўлади. Ва албатта, у сизнинг айтганларингизга қулоқ солади. Фалончининг қизи ёки ўғлига ўхшаб ярамас, қулоқсиз бўлмайди. Уни қўлингизга олганингиздан кейин эса дунёдаги энг чиройли бола сизники эканлигига амин бўласиз. Аввалига ширин бўлган онлар, бора‑бора қийинчиликка айланиб кетади. "Бола қараш бирам қийинаканки...” деб нолиб қўясиз. Қизиқ, бундай онанинг боласи бўлиш осонмикин? Фарзанд биз ота‑оналар сўзини тез ва хархаша қилмасдан бажариши керак. Чунки, бу бизга қўлай, унинг оламига шўнғиб, нега шу хатоликка йўл қўйганини ёки тўполон қилганини тушунишга ҳаракат ҳам қилмаймиз. Шундай қилишни ҳаёлимизга ҳам келтирмаймиз. Чунки бола биз учун шахсият эмас, кеча тухумдан чиққан жўжа. Унинг ҳиссиётлари йўқ, унда асаб, жаҳл ва шунга ўхшаш ҳиссиётлар йўқ. Бу ҳиссиётлар фақат кечалари ухламай, бешик тебратган, боласини оқ ювиб оқ тараган, ўзи емай едирган "жафокаш” ота‑онада бор. Фақат бола шунча ғалва экан, уни туғиб нима қилардинг, дегувчи топилмайди. Қизимни ёнимга чақираман.
Ота‑оналар қандай бўлишлари керак?
Ҳмм, ‑ деб катталарга хос равишда ўйлана бошлайди қизим. – Дадалар кўп вақтларини ишда ўтказмасликлари, болаларига кўпроқ вақт ажратишлари керак. Чунки дадаларга иш муҳимроқ. Оналар эса уй бекаси бўлиши ва дадалардан кўп пул сўрамаслиги керак. Ота‑оналар болалари сўраган ҳамма нарсани олиб беришлари керак.
Болаларни жазолаш мумкинми?
Ҳа, мумкин. Агар улар ёлғон гапирса, масалан, бирор нарсани синдириб қўйиб, буни синглим синдирди ёки мушугим синдириб қўйди, деб ўз хатосини бошқага тўнкаб ёлғон гапирса.
Қандай қилиб жазолаш керак?
Бурчакка қўйиш. Жуда ҳам ёмонлик қилсалар, баъзан уриш мумкин, аммо ҳар доим ҳам эмас.
Қаршимиздаги фарзандимиз бўлсада, кичик бир шахсият. Унинг ҳам ҳаётга нисбатан ўз қарашлари, фикри ва истаклари бор. Ҳарқалай сўзсиз бошқаларнинг истагини бажо келтиришга тайёр турувчи робот тарбия қилишни истамасак керак. Болалигингизнинг энг ширин хотираларини ёдга олинг. "Бир куни мактабдан чиқиб, ўртоқларим билан шаҳримизга келган театрга киришни мўлжалладик. То театр тугагунга қадар, кун кеч бўлиб кетди. Уйга борсам, онам йиғлаб ўтирибдилар. Юрагим шув этиб кетди, ҳозир роса ейман калтакни деб ўйладим”. Ҳар биримиз бу ҳисларни ҳозиргача яхши эсласак керак. Аммо шу билан бирга бу болалик ҳаракатларимизга ёмонлик назари билан қарай олмаймиз. Ҳозирда унинг хатолигини биламизу, аммо ўша пайт кичик ақлимиз буни тушуниб етишга қодир эмаслигини ҳам яхши англаймиз. Фарзандларимиз хато ёки тўполон қилганда, гапимизга қулоқ тутмаганда, уларга бақиришдан аввал болалигимизни ва уларнинг ҳам бола эканлигини унутмасак, биздан ҳам жуда ажойиб ота‑оналар чиқишига умидим катта.
|
Категория: Oilaviy Maslahatlar |
Просмотров: 893 |
| Рейтинг: 0.0/0 |
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи. [ Регистрация | Вход ]
|
|
|