Статистика |
Hozirda saytda: 10 Mexmonlar: 10 Foydalanuvchilar: 0 |
|
Главная » 2014 » Noyabr » 6 » Ҳаммаси климакс ҳақида!
01:43 Ҳаммаси климакс ҳақида! |
Қайнонангиз ўзгариб қолдими? У энди инжиқ, қайсар қайнонага айланганми? Ўз-ўзидан жиззаки бўлиб қолганми? Ўзингизни қўлга олинг-да, уни тушунишга ҳаракат қилинг! Балки климакс даври ўз ҳукмини ўтказаётгандир? Эҳтимол барчаси қайнонангиз организмидаги гормонларнинг «ўйини»дир? Бу вазиятда уни тушунишингиз осон бўлиши учун бу «дард» ҳақида билиб олинг! Барча маълумотлар билан қуйида таништирамиз Климакс — «климактерий» сўзидан олинган бўлиб, грекчада «зинапоя» деган маънони англатади. Бу даврни қарилик ва ёшликни бир-биридан ажратиб турувчи поғона деб ҳисоблаш мумкин. Климакс (менопауза) даврида аёл ўз танасида рўй бераётган ўзгаришлар сабаб баъзан тушкун, баъзида қувноқ, гоҳ ҳаммага заҳрини сочса, гоҳ атрофидагиларга беэътибор бўлиб қолади. Одатда 40 ёшдан кейин аёл ўзини бироз нохуш ҳис қила бошлайди. Бесабаб асабийлашади, тез чарчайди, уйқусизликдан қийналади. Ҳайз кунлари эса бир неча ойга «кечикади», баъзан тез-тез келади, жуда оғриқли кечади ва узоқ вақт чўзилади. Бу ҳолатларнинг барчаси — климакс даври яқинлашаётгани аломатлари.
Қачон бошланади?
Климакс даврининг неча ёшда бошланиши асосан ирсиятга боғлиқ. Онада бу давр неча ёшда бошланган бўлса, қизда ҳам айнан шу ёшда юз бериши мумкин. Шунингдек, қаттиқ ёки узоқ вақт давомида стрессга тушган, гинекологик жарроҳликни бошидан кечирган (тухумдонлар олиб ташланиши, кимётерапия) ёки балоғат даврида турли инфекцион касалликларни бошдан кечирган ҳамда чекувчи аёлларда климакс даври эрта бошланиши мумкин. Климакс ўртача ёшда (40 ёшдан кейин) бошланган аёлларда осон ўтиб кетади. Эрта бошланган климакс даври оғриқли ва узоқ давом этади. Кеч бошлангани эса аёл учун фойдали: танада эстрогенлар миқдори тушиб кетмайди. Бу эса юрак ва томирларни ҳимоя қилади. Аммо кеч бошланган климакс аёлда кўкрак ёки тухумдон саратонига чалиниш хавфини орттиради. Шу сабабли аёллар йилда бир марта аёллар шифокори назоратидан ўтиб, маммография текширувини амалга оширишлари даркор. Климакс даврига аёл неча марта ҳомиладор бўлгани ёки неча ёшда туққанининг таъсири йўқ!
«Кутилмаган» ҳомиладорлик?!
Менопауза жараёнида қонда гормонлар миқдори ўзгара бошлайди. 40 ёшдан сўнг танада сариқ танача — прогестерон ишлаб чиқариш камайиб боради. 45 ёшларга яқин эса тухумдонлар томонидан эстроген гормони ишлаб чиқарилиши ҳам сусаяди. Аёлда ҳайз кўриш мунтазамлиги бузилади, кейин умуман тўхтайди. Айнан мана шу даврда аёлнинг ҳомиладорлик қобилияти йўқолиб боради. Аммо баъзан гормонал фон фаоллашиб, ҳомиладор бўлиш учун қулай шароит ҳам юзага келиши мумкин. Баъзан бу 45 дан 50 ёшгача бўлган аёлларда «кутилмаган» ҳомиладорликка сабаб бўлади. Аломатлар
Климакс даврида аёл организмида кузатиладиган аломатлар уч хил бўлади. Илк белгилар:
қизиб кетиш; кўп терлаш; кайфият ўзгариши; уйқу бузилиши.
Ўрта белгилар:
пешоб чиқариш муаммолари; ички аъзоларда қуруқлашиш; жинсий муаммолар.
Кечки муаммолар:
қон томирлари касалликлари; модда алмашинуви бузилиш; остеопороз; марказий асаб тизимининг дегенератив хасталиклари (масалан, Альцгеймер касаллиги).
Гормонал фон ўзгариши
Бу ҳар уч аёлнинг бирига руҳий ёки жисмоний таъсир ўтказади. Бирдан қизиб, қизариб кетишидан уялган аёл одамларга қўшилишдан тортина бошлайди, ўз ҳолатидан асабийлашади. Кайфияти гоҳ тушиб, гоҳ кўтарилиб кетади. Одатий ҳаётига хавотир билан қарайди. Аёлларнинг 50 фоизи климакс даврида боши қизиб кетиши, ортиқча терлаш, юрак уриши тезлашиши, асабийлашиш, уйқу бузилишидан шикоят қилишади. Єизиш ва терлаш сабаби гормонал мувозанат ўзгариши туфайли қон томирлар тонуси ва тана ҳарорати бошқарилишининг бузилиши билан боғлиқ. Єизиб кетиш бир суткада 30 мартагача такрорланади ва аксарият тунги пайтда содир бўлиб, уйқу бузилишига олиб келади. Уйқунинг сурункали бузилиши натижасида уйқусизлик касаллиги, асабийлашиш эса хавотирга айланиб, аёл бора-бора ҳолсизлана бошлайди. Терлашлар сонини камайтириш учун иссиқ суюқликлар (айниқса, қаҳва) ичишни камайтириш ва ортиқча асабийлашишдан сақланиш лозим. Ортиқча хавотир ва асабийлашишдан қутулиш учун эса спорт машғулотлари билан шуғулланиш муҳим. Бу даврда жинсий яқинлик ҳам муаммо туғдиради. Пешоб йўли ва ички аъзонинг шиллиқ пардаси ўз чўзилувчанлигини йўқотади ҳамда осонгина жароҳатланади. Натижада аёл жинсий яқинлик пайтида оғриқ ҳис қилади. Шунингдек, унда жинсий майл ҳам сусайиб боради. Аёл организмидаги гормонлар нафақат ҳомиладор бўлиш учун керакли, шу билан бирга, уларнинг модда алмашинувида ҳам катта ўрни бор. Агар аёл жисмонан соғлом ҳамда янги ҳолатларга осон кўникма ҳосил қилиш хусусиятига эга бўлса, гормонал ўзгаришлар даври бир неча ойда оғриқсиз ўтиб кетади. Аммо ҳар беш аёлдан бири бу даврда турли безовталиклардан қийналиши мумкин ва у сабабли шифокорга мурожаат қилиши даркор.
Ташқи кўриниш муаммолари
Бу даврда аёлнинг ташқи кўринишида ҳам бир қанча ўзгаришлар содир бўла бошлайди. Эстроген гормони етишмаслиги сабаб тери юпқалашади, қуруқлашади. Натижада унда янги ажинлар пайдо бўлади. Тери ранги ўзгариб, майинлигини йўқотади, сочлар камайиб боради. Аёл эса бундан яна-да тушкунликка тушиб, унда депрессия ҳолати кузатилиши мумкин. Бу ҳолатларнинг олдини олиш учун муаммо чуқурлашиб кетишини кутманг ва аёллар шифокори билан маслаҳатлашинг.
Кальций етишмайдими?
Бу даврда ҳар уч аёлдан бирида кальций алмашинуви бузилиши кузатилади. Суяклар кальцийни «йўқота» бошлайди ва мўртлиги ошиши оқибатида остеопороз касаллиги келиб чиқади. Бу эса келажакда аёл қоматининг шакли ўзгаришига олиб келади, суяк синиши хавфини орттиради. Аёл климакс даврида керакли муолажаларни олмаслиги натижасида умуртқа поғонада зичлашиш пайдо бўлади ва унинг бўйи 10 йил мобайнида 4 см.га «чўкади». Бундай ўзгаришлар 5-10 йилдан сўнг ўз асоратини намоён қилиши мумкин. Эстрогенлар атеросклерозга қарши таъсирга эга. Климакс даврида эстрогенлар миқдорининг камайиши атеросклероз ривожланишига туртки бўлади. 40 ёшга тўлмаган аёллар эркакларга нисбатан миокард-инфарктига 10 марта кам чалинади, 60 ёшдан кейин эса бу кўрсаткич тенглашади.
Бу даврда остеопорозга ҳам беътибор бўлманг!
Климакс ҳолати махсус даволашни талаб этади. Жумладан, бунда суяк зичлигини ҳам аниқлаб, остеопороз ва унинг асоратларини даволаш лозим. Чунки остеопороз аломатсиз кечади ва шунинг учун ҳам бу касалликка махсус текширувларсиз ташхис қўйиб бўлмайди. Остеопороз дунёда энг кўп тарқалган касалликлардан бири сифатида юрак-қон томир, саратон, қандли диабет хасталикларидан кейинги 4-ўринда туради. Агар вақтида унинг олди олиб, даволанмаса, оғир асоратларга олиб келади. Масалан, умуртқа, қўл ва оёқлар синиши оқибатида ногиронлик юзага келиши ва ҳатто ўлимга олиб келиши мумкин. Замонавий тиббиёт ва тўғри олиб борилган муолажалар ёрдамида аёл бу даврни босиб ўтишни енгиллаштириши мумкин. Шуни яна бир бор таъкидлаш лозимки, бу даврда тўғри овқатланиш, дам олиш ва спорт машғулотлари билан шуғулланиб, фаол турмуш тарзи олиб бориш муҳим.
Гинеколог-эндокринолог Динара АЗИЗОВА тавсиялари асосида Мадина ЛУҚМОНОВА тайёрлади.
|
Категория: Qizlarga Maslahatlar |
Просмотров: 1529 |
| Рейтинг: 5.0/2 |
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи. [ Регистрация | Вход ]
|
|
|