Эрон космосга маймунни олиб чиқди. Бу ҳақда, Al- Alam TV телеканалига асосланиб, Agence France-Presse хабар бермоқда. Аввалроқ ушбу воқеа 2013 йилнинг февраль ойи бошларига режалаштирилаётгани ҳақида хабар берилган эди. Эрон телеканали маълумотларига кўра, космосга олиб чиқилган, ичида маймун бўлган «Пишгам» номли капсула муваффақиятли тарзда қўнган. Капсула «йўловчиси»нинг аҳволи тўғрисида маълумот берилмаяпти. Космосга жониворни учириш Эроннинг ўз астронавтини фазога олиб чиқиш йўлидаги тайёргарлиги ҳисобланади, режага кўра, 2021 йилда биринчи Эрон астронавти космосга чиқиши керак. Маймун орқали эронлик олимлар вазнсизлик ҳолатидаги инсон организми фаолиятини ўрганишни мақсад қилишган. Эрон космосга жониворларни олиб чиқмоқчи эканлиги ҳақида биринчи марта 2008 йилнинг декабрида маълум бўлганди. Айни вақтда, Эрон ҳукумати вакиллари мамлакатнинг фазовий дастури фақат тинчлик мақсадларига йўналтирилганини маълум қилишганди. Эрон аэрокосмик тадқиқотлар институти маълумотларига кўра, жониворлар ёрдамида ўтказиладиган ва бошқа тадқиқотлар Эроннинг бошқариладиган космик парвозлари учун йўл очиши керак. Қайд этиш жоиз, Эрон бунгача ҳам тирик организмларни – қумурсқалар, тошбақа ва каламушни космосга учирган. Эрон 2011 йилда космосга маймунни учиришни режалаштирган ва бунинг учун тайёргарлик босқичини ҳам бошлаган эди, бироқ парвоз амалга ошмаганди. Нима сабабдан парвознинг ўхшамагани маълум қилинмаган.