Главная » 2014»Fevral»15 » Зарина Низомиддинова: “У мени оддий аёл сифатида севади!” (Эксклюзив)
22:41
Зарина Низомиддинова: “У мени оддий аёл сифатида севади!” (Эксклюзив)
2014 йилнинг илк ойлари ўзбек шоу бизнесида анчайин шов-шувли воқеа бўлди, десак янглишмаймиз. Ижодини аввал хонандалик билан бошлаган, бироқ кино актрисаси сифатида танилган. Ҳозирда эса яна хонандалик фаолиятини давом эттираётган Зарина Низомиддинованинг никоҳ тўйи сўзимиз исботи бўла олади. Кутилмаганда бўлган тўйни келин-куёв оммага ошкор этишни исташмаганди. Бироқ тўй ҳақидаги деярли барча тўғри ва нотўғри маълумотлар тарқалиб бўлган. Ана шу таҳминларга ойдинлик киритиш мақсадида актриса Зарина билан суҳбат уюштирдик...
- Янги ҳаёт бошлаганингиз билан табриклаймиз!
- Раҳмат!
- Суҳбатни ҳаммани қизиқтирган савол билан бошласак, турмуш ўртоғингиз билан қандай танишгансиз?
- Бу инсон билан бир ҳамкасбимнинг туғилган кунида танишиб қолганмиз. Аввалига дўстлашдик, кейин эса муносабатларимиз жиддийлашди. Танишувимизга беш ой тўлганди ҳамки, кутилмаганда у киши менга оила қуриш таклифини билдирди. Очиғи, айнан шу инсондан бундай таклиф бўлади, деб ўйламагандим. Энг қизиғи, шахсан ўзи уйимизга келиб, ота-онамдан қўлимни сўраган. Ҳар бир инсон янги ҳаёт бошлашидан олдин жиддий ўйлаб, сўнг қадам ташлайди. Айтмоқчиманки, мен ҳам "етти ўлчаб бир кесдим”. Чунки, бир бор тилим куйган-да! Тан олишим керак, қароримни узоқ куттирмай айтдим. Агар ўша инсон сен учун яратилганини хис қилсанг, воқелар ривожи ўз-ўзидан амалга ошавераркан.
- Қарорингизга оила-аъзоларингизнинг муносабати қандай бўлди?
- Оиламизда ҳамма ўз фикрини мустақил баён этишга одатланган. Қароримни айтганимда, дадам "Сен мустақил инсонсан. Агар ўз бахтинга ишонсанг, сенга бахт тилаймиз! Сенга ишонамиз”, деб оқ фотиҳа берди.
- Газетамизга берган аввалги интервьюингизда "Уйланмаган йигитга турмушга чиқмайман!” дегандингиз. Демак, ўшандаёқ қарор қабул қилган экансизда?
- Шундай деса ҳам бўлади. Биринчи турмушимдан ажрашганимда, уйланмаган йигитлардан совчилар келганди. Ўшанда ўз тенгимга - турмуши ўхшамаган одамга турмушга чиқаман, деб қарор қилгандим. Чунки, бу борада икки инсон тенг бўлиши керак, деб ҳисоблайман.
- Турмуш ўртоғингизнинг оила-аъзолари билан илк танишув қандай кечди?
- Бизда барча воқеалар Ғарбона кўринишда бўлиб ўтди. Миллий урф-одатларимизни тўлиқ бажармадик, десам ҳам бўлади. Тўйимиз ҳам замонавий тарзда - энг яқин инсонларимиз даврасида бўлди. Одатдаги келин-куёвлардек бир ерда ҳамманинг рақсга тушишини томоша қилиб ўтирганимиз йўқ. Биз ҳам мазза қилиб рақсга тушдик, меҳмонлар билан вақтни чоғ ўтказдик. Қисқаси, тўй орзуимдагидек жуда чиройли ва файзли ўтди.
- Аслида севги-муҳаббатга ишонмайман. Атрофдагиларнинг "ўлдим-куйдим” каби гаплари менга эриш туюлади. Реалистлигим сабаб, шундай ўйласам керак. Ёшимга ёш қўшилгани сари ҳаётни борича қабул қилиш ҳисси кучайиб боряпти. Янги ҳаёт бошлашда муҳаббатдан ҳам кўра, жуфтига ишонч юқори бўлиши керак! Яширмайман биринчи навбатда "турмушга чиқаётган одамим ўғлимга оталик қила олармикан?” деган хаёлга толдим. Турмуш ўртоғим эса тўйимиздан аввал ҳам ўғлимга яхши муносабатда бўлиб, у учун қайғурарди. Тўғри, ўғлим Темурхон ўз отаси билан тез-тез кўришиб туради. Аммо ўғлим бир уйда яшаган инсонни ҳам отасидек хурмат қилиб, у билан яхши муносабатда бўлишини истайман! Бундан ташқари, турмуш ўртоғим учун машҳурлигим эмас, шахс сифатида қизиқ бўлишимни орзу қилганман. Турмуш ўртоғим эса айнан мана шундай инсон! У инсон учун касбим, қандай кийинишим-у, таниқлилигим иккинчи ўринда. Мени оддий аёл сифатида севади!