ЯНА ЮЗ ЙИЛДАН КЕЙИН ҲАЁТ ҚАНДАЙ БЎЛАРКИН? Сўнгги пайтда дунёда содир бўлаётган воқеалар катта шов-шувларга сабаб бўлди. Уларни бир сўз билан нимага менгзаш мумкин? Узоқ ўйланиб, шундай жавоб топдим... Польша президенти Лев Качинский, мамлакатнинг биринчи лэдиси Мария Качинская ва яна поляк халқи ишонган бир гуруҳ давлат одамлари битта учоқда, милли сониялар гувоҳлигида даҳшатли ажал амрига бўйсунди...Ўлим мансабига қараб танлаб ўтирмади! Тақдир! Мўъжаз давлат Исландиянинг бир нуқтасида отилган вулқон тутуни, чанги дунё бўйлаб 96 000 та авиақатновни чеклаб қўйишга мажбур этди. 1,7 миллиард доллар зарар кўрилди...Европа қора булутлар остида қолиб кетди. Америкадан Япониягача Европага парвозлар бекор қилинди. Аэропорт ҳудудида тунаганлар кам бўлдими? Битта вулқоннинг оворагарчилиги-ю, зарарини қаранг?! Икки вулқон отилса нима бўларди? Отилмагани рост бўлсин! Тақдир! Қирғизистонда яна бир тўнтарилиш...Биринчи президент қандай ағдарилган бўлса, иккинчисида ҳам шу каби шўрпешоналик...Акаев қорасини кўрсатмай қочиб кетди, Бакиев Минскдан паноҳ топди, бироқ, муваққат ҳукумат таъқибларидан тинчлиги йўқ...Элда бирлик йўқ, шаҳарда талон-тарожлик, 85 та бегуноҳ одамнинг қони тўкилди, бозор ёқилди...Халқ кун сайин қашшоқлашиб боряпти. Қайтар дунё! Бу ҳам тақдир! Яна ҳар қаерда алланималар, аллакимлар, қандайдир воқеалар...Бу дунёда ҳаммаси тақдир! Яратганнинг битигининг ердаги амаллари...Бир қарасанг тинчдайгина, бир қарасанг остин-устун. Ғафлатда қолганга "нима бўпти?”, уйғоққа "огоҳ бўлинг”! Омон юртнинг, эли омон, ош-тузи, дастурхони омон...Тинчи йўқда ҳамма ёмон! Тақдирнинг у дунёдаги синоними нима экан? Нима бўлганда ҳам, юпунмисан, боймисан тинч яшаб, қора қозон қайнаётганига шукр. Кун сайин глобаллашиб, табиий жамолини йўқотиб бораётган ерни кўриб ачинасан киши ва яна ўйланасан...яна юз йилдан кейин ҳаёт қандай бўларкин? Тақдирлар-чи? Бўлди, бу мавзуга бошқа чуқурлашгим йўқ. Ахир, апрел. Ҳаво илиқ. Кўчада одамлар...Йўлда эса одамдан- да кўп машина. Ҳаёт жўш урмоқда. Қувнаб қолишга, эзгулик қилишга шошилай...