Ҳол сўрамас бирон кимсаси, Ҳар бир соат ўтмоқда аранг. Уйга қайтинг тезроқ онаси, Болаларга ўзингиз қаранг.
Хўп дедим-а нега қайданам, Қизин олиб кетди қайнонам. Бирозгина дам олай менам, Болаларга ўзингиз қаранг.
Йиғлаб қолар бири бешикда, Яна бири чопар эшикда. Наҳот, улар жонимга тегса, Болаларга ўзингиз қаранг.
Ёпиб кетди аста эшикни, Ташлаб кетди асосий ишни. Тебратмайман энди бешикни, Болаларга ўзингиз қаранг.
Ёрим сизга инсоф тилайин, Бу азобни қайдан билайин. Ҳамма ишни ўзим қилайин, Болаларга ўзингиз қаранг.
Гўдак билмас иссиқ совуқни, Бирдан қувиб кетар товуқни. Шунча юмуш менга керакми, Болаларга ўзингиз қаранг.
Ё кўнайми энди барига, Қараб бўлмас хона-ҳовлига. Чиқиб кетай онам ёнига, Болаларга ўзингиз қаранг.
Қийин экан болага қараш, Бўлиб қолай дедим-а фаррош. Юрагимда қолмади бардош, Болаларга ўзингиз қаранг.
Чидолмадим бир кунгинага, Тоқатим йўқ араз-гинага. Эр бўлмайди асло энага, Болаларга ўзингиз қаранг.
Дилга келар турфа саволлар, Бу ҳаммаси ширин азоблар. Илтимосим сизга, аёллар, Болаларга ўзингиз қаранг! Sarkor
|