«Мобильных телесистем» компаниясининг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси - банкрот деб эълон қилинган "Уздунробита" МЧЖга тегишли мулк давлат ҳисобига ўтказилади.
Бу ҳақда Ўзбекистон Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитасига таянган «Интерфакс» агентлиги хабар берган, деб ёзади gazeta.ru. «Ўздунробита» активларини давлат органларига топшириш ҳақидаги қарор шу йилнинг 12 август куни кредиторлар қўмитаси томонидан қабул қилинган.
Бундан аввал, «Уздунробита» МЧЖнинг мулки тўғридан-тўғри кредиторларга тавсия қилиниши ва бу ҳам иш бермаса компания активлари ҳукумат тасарруфига ўтиши мумкинлиги хабар қилинганди. Аввал хабар бериб ўтганимиздек, ишчи комиссияси томонидан умумий бошланғич нархи 1,07 трлн.сўм бўлган "Уздунробита" ва унинг 14 та филиалини аукцион орқали сотишга бўлган уриниш муваққақиятсизликка учраган эди. Белгиланган ким ошди савдаоларида компания мулкларини сотиб олиш учун бирорта таклиф келиб тушмаган.
Эслатиб ўтамиз, «Ўздунробита» шу йилнинг 18 январь куни банкротлик ҳақида судга ариза берган ва Тошкент шаҳар хўжалик суди томонидан апрель ойининг 22-санасида банкрот деб топилган эди.