Главная » 2014»Fevral»17 » Ўзбекистонда мобил алоқа миллий оператори яратилади
21:22
Ўзбекистонда мобил алоқа миллий оператори яратилади
Ўзбекистонда “Ўзбектелеком” акциядорлик компаниясининг “Ўзмобайл” филиали негизида мобил алоқа миллий оператори ташкил этилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов жорий йилнинг 12 феврал куни “Мобил алоқа миллий операторини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорини имзолади.
Қарорни қабул қилишдан мақсад уяли алоқа бозорида миллий компанияларнинг кенг иштироки учун зарур шароитларни яратиш ҳамда мамлакатнинг мобил уяли алоқа тармоқларини янада ривожлантириш, шунингдек, ахборот хавфсизлигини таъминлашдан иборатдир, дея хабар беради Uzdaily нашри.
“Ўзмобайл” миллий оператор тармоғини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар жадвалида 2014 йил давомида 1020 базавий станциялари, 500 та радиореле ускуна ҳамда 2 миллион рақамга мўлжалланган биллинг тизимини ўрнатиш кўзда тутилган.
Миллий оператор 2015 йилда вилоят марказларини қамраб олади ҳамда 8 миллион рақамга мўлжалланган 1994 та базавий станциялар, 2000 та радиореле ускунулари ўрнатади
2017 йил давомида компания 3986 та базавий станция ва 4000 та мажмуада радиореле ускунасини ўрнатиб, қолган аҳоли пунктларини қамраб олади. Таъкидлаш жоизки, мазкур чора-тадбирлар давомида ускуналар учун автоном қуёш фотоэлектр тизимларини ўрнатиш ҳам режалаштирилган.
Қарорга асосан, “Ўзмобайл” ҳорижий банклари ва молиявий институтларининг узоқ муддатли кредитларини жалб этади. Қурилиш монтаж ишларининг ҳаражатлари Ўзбекистон республикаси тижорат банклари ҳамда “Ўзбектелеком” АКнинг ўз маблағлари ҳисобидан қопланади.
“Ўзбектелеком” телекоммуникациялар миллий оператори 2018 йилнинг 1 январига қадар Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган рўйҳат бўйича “Ўзмобайл” учун зарур олиб кирилаётган технологиялар учун божхона тўловларидан озод қилинади.
Шунингдек “Ўзмобайл” беш йил муддатга уяли алоқа хизматларини кўрсатиш, лойиҳалаш, қурилиш ишларини амалга оширишда бериладиган лицензия учун давлат божларидан озод этилади. Мазкур маблағлар эса операор тармоғини ривожлантиришга йўналтирилиши керак