Главная » 2014»Fevral»24 » Ўзбекистонда белгиланмаган жойларда тамаки чекканлик учун жарима солинадиган бўлди
09:24
Ўзбекистонда белгиланмаган жойларда тамаки чекканлик учун жарима солинадиган бўлди
Ўзбекистон қонунчилигида ҳозирги кунгача жамоат жойларида чекканлик учун жарималар кўзда тутилмаган, дея ёзади «Газета.uz».
2014 йилда Ўзбекистонда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексга жамоат жойларида спиртли ичимлик ичганлик ва тамаки чекканлик учун жазо чораларини белгиловчи тузатишларни ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда. Бу Ўзбекистон Президенти томонидан 19 февралда имзоланган «Соғлом бола йили» давлат дастурида кўзда тутилган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тузатишлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси 2014 йилнинг тўртинчи чорагида ишлаб чиқилади. Режага кўра, унда жамоат жойларида алкогол маҳсулотни истеъмол қилганлик учун маъмурий жарималар миқдорида оширилади, шунингдек, жамоат жойларида тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш ҳамда алкогол ва тамаки маҳсулотларини тарғиб қилганлик учун маъмурий чоралар белгиланади.
«Газета.uz»нинг қайд этишича, Ўзбекистон Президенти 2011 йил 5 октябрида «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги қонунни имзолаган эди. Қонун орадан ярим йил ўтиб – 2012 йил апрелида кучга кирган.
Қонун билан бирга ушбу қонун талабларини бузганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва бошқа қонун ҳужжатларига киритиладиган тузатишлар ишлаб чиқилган, бироқ охир-оқибат улар қабул қилинмаган эди.
Қонунга асосан, алкогол маҳсулотларни иш жойида, кўчаларда, стадионларда, хиёбонларда, хиёбонлар, истироҳат боғларида, жамоат транспортининг барча турларида ва бошқа жамоат жойларида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилишга йўл қўйилмайди. Мазкур қоида алкоголь маҳсулотини қуйиб реализация қилиш рухсат этилган савдо ва умумий овқатланиш объектларига, шунингдек тўйлар, юбилейлар ва бошқа тантаналар ҳамда маросимлар ўтказиладиган жойларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Иш жойларида, соғлиқни сақлаш, таълим, спорт-соғломлаштириш муассасаларида, ёнғин чиқиш хавфи бўлган жойларда, шу жумладан автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида ва бошқа жамоат жойларида, тамаки маҳсулотини (носвой ҳам ушбу маҳсулот қаторига киритилган) истеъмол қилиш учун махсус ажратилган жойлар ва (ёки) хоналар бундан мустасно, шунингдек жамоат транспортининг барча турларида тамаки маҳсулотини истеъмол қилишга йўл қўйилмайди.
Қонун талабларини бузганлик учун жазолар у қадар қатъий эмаслиги сабаб, одамлар уларга ҳар доим ҳам риоя этаверишмайди. Хусусан, кўчалар, стадионлар, хиёбонлар, истироҳат боғлари, жамоат транспорти ва бошқа жамоат жойлари (рухсат этилган савдо ва умумий овқатланиш объектларидан ташқари)да спиртли ичимлик ичганлик учун энг кам иш ҳақи (ҳозирча – 96 минг 105 сўм)нинг 1/10 барачари (9 минг 610 сўм)дан 1/3 баравари (32 минг 35 сўм)гача жарима кўзда тутилган.
Жамоат жойларида тамаки маҳсулотларини истеъмол қилганлик учун эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ҳеч қандай чора кўзда тутилмаган. Фақатгина жамоат транспорида чекканлик учун жарима белгиланган бўлиб, у энг кам иш ҳақининг 1/20 баравари (4 минг 805 сўм)ни ташкил этади.
«Бундан кўриниб турибдики, Ўзбекистонда жамоатчилик жойларида тамаки маҳсулотларини чекканлик учун тақиқ бор, бироқ бу тақиқни бузганлик учун жавобгарлик йўқ бўлиб чиқмоқда», – деб ёзади «Газета.uz».