Главная » 2013»Aprel»2 » Ўзбекистонда аҳоли учун газ тарифлари 14 фоизга қимматлашади
14:38
Ўзбекистонда аҳоли учун газ тарифлари 14 фоизга қимматлашади
1 апрелдан Ўзбекистонда аҳоли томонидан истеъмол қилинаётган табиий газ учун янги тарифлар кучга киради. «Газета.uz»нинг хабар беришича, янги тарифлар 15 март куни Молия вазирлиги томонидан тасдиқланган. Тарифлар реестри рус тилида «Ўзбекнефтегаз» компанияси сайтига жойлаштирилан.
Келаси ойдан эътиборан, табиий газнинг 1 кубометри, агар ҳисоблагич бўлса, ҳозирги 122,85 сўмдан 139,8 сўмгача ёки 14 фоизгача қимматлашади. Ҳисоблагич бўлмаса, овқат тайёрлаш ва иссиқ сув таъминоти учун фойдаланиладиган 10 кубометр газ 2418,55 сўмга баҳоланади (ҳозирги тариф бўйича – 2125,28 сўм). Иситиш тизими учун фойдаланиладиган табиий газнинг 10 кубометри эса 985,6 сўмдан 1121,6 сўмгача қимматлашади.
«Ўзбекнефтегаз» сайтидаги янги тарифлар реестри саҳифасида ҳисоблагичсиз коммунал-маиший мақсадлар учун фойдаланилган, шунингдек, улгуржи истеъмолчилар (жумладан, иситиш тизими корхоналари) учун тарифлар кўрсатилган. Бундан ташқари, ушбу саҳифада квитанция ва баённомаларни ҳам кўчириб олиш мумкин.
«Газета.uz»нинг эслатишича, газ тарифлари охирги марта 2012 йилнинг октябрь ойида қимматлашган эди.
Эслатиб ўтамиз, 1 апрелдан эътиборан электр энергияси, совуқ ва иссиқ сув таъминоти учун тарифлар ҳам қимматлашади.