Главная » 2013»Aprel»4 » Ўзбекистон Президенти интернетни тўсишни ақлсизликка тенглаштирди
03:47
Ўзбекистон Президенти интернетни тўсишни ақлсизликка тенглаштирди
Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов бугунги ёшлар ҳамма нарсани тушунишларини яна бир бор таъкидлади. Президент бу ҳақда Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида айтиб ўтди. Президенти нутқи матни ЎзАда чоп этилган.
«…Бугунги ёшлар ҳамма нарсани тушунади. Улар ҳозирги ахборот воситалари, айниқса, интернет орқали кўп нарсадан хабардор бўлмоқда. Интернет тармоғини қандайдир темир девор билан тўсиб, тақиқлаш – бу мутлақо ақлга сиғмайдиган иш», – деди Президент.
Президентнинг сўзларига кўра, араб дунёсида турли нотинчлик ва қарама-қаршиликларнинг юз беришининг сабаблари кўп, лекин уларнинг аксарияти ёшларга, уларнинг ҳаётий манфаатларини ҳал қилишга етарли эътибор бермаслик натижасида содир бўлаётганидан содир бўлмоқда. «Барчамиз, биринчи навбатда, вазифада ўтирган раҳбарлар ёшларнинг ҳаётий манфаатларини таъминлаш, уларга кенг йўл очиб бериш, истеъдод ва қобилиятини рўёбга чиқариш бўйича олиб бораётган ишларимизни давр талаблари билан ҳамоҳанг бўлиб, янги босқичга кўтариш зарурлигини ҳеч қачон эсидан чиқармаслиги керак», – деди Президент.
Президентнинг таъкидлашича, 2012 йилда Тошкент вилоятининг Оққўрғон, Чиноз, Юқоричириқ туманларида коллежларни битириб чиқаётган ёшларни ўз эгаллаган мутахассисликлари бўйича иш билан борасида республикада энг паст кўрсаткич қайд этилган. «Мана, ўзингиз кўряпсиз, ҳозирги кунда ёшларимиз замонавий касб-ҳунарларни эгаллашга ҳаётдан ўз ўрнини топишга интилмоқда. Лекин, нима учун Юқоричирчиқ, Ўртачирчиқ, Қуйичирчиқ туманларидаги янги, замонавий саноат корхоналарининг салмоғи ва самараси ҳалигача сезилмаяпти?», – деб савол билан мурожаат қилди.
«Такрор айтаман – бизга бўлаверади, деган эскича қараш билан фақат томорқадан олинадиган даромад ёки олди-сотди ишларига кўз тикиб яшаш бизга энди ярашмайди. Бунинг учун одамда аввало ғурур туйғуси бўлиши лозим», – дея қўшимча қилди Ислом Каримов.
Ўзбекистон Президенти бундан аввал ҳам ёшлар муаммосига тўхталиб, коллеж битирувчилари иш сўраб «ялиниб юрмасликлари керак»лигини қайд этиб ўтган эди.