Аввал хабар берилганидек ОЧЛ доирасидаги "Бурирам Юнайтед” билан ўйин учун "Бунёдкор" стадионида электрон штрих-кодли чипталар чиқарилди ва синовдан муваффақиятли ўтди. Энди "Бунёдкор” стадионидаги барча учрашувларга ана шундай чипталар чиқарилади.
Хўш, бунинг Ўзбекистон-Қатар ўйинига қандай дахли бор дейсизми? Гап шундаки, стадион маъмурияти ана шу учрашувга ҳам талаб катта бўлишини эътиборга олиб, махсус акция ўтказишни лозим топди. Акцияда Ўзбекистон-Қатар ўйинига 10та омадли чипта ўйналади. Унда "Бунёдкор” - "Шўртан” ўйинига ташриф буюрган хар бир мухлис ўз чиптаси билан иштирок эта олади.
Чиптани назорат терминалидан ўтказгандан сўнг, бу чипта рақамлари ягона компьютер тизимига келиб тушади. Учрашув бошлангач, бу рақамлар қоғозга туширилади ва хар бири алохида кесиб олинади. Демак, шу кунги ўйинга қанча чипта сотилган бўлса, шунча рақамли қоғоз комиссия аъзоларига етказилинади.
Танаффус пайтида, мухлислар кўз ўнгида (таблода ҳам намойиш этилади) бу қоғозлар лототрон ичига солинади. Сўнг лототрон айлантирилади ва рақамли қоғозлар аралаштирилгач, биттадан тортиб олинади ҳамда камера орқали таблога намойиш қилинади.
Жами 10 та қоғоз тортиб олинади ва шу тариқа тарихий учрашувга ташриф буюрадиган 10 та омадли мухлис аниқланади. Ўйин 26 май куни соат 18:00да "Бунёдкор" стадионида бошланади.
Омадингизни синаб кўринг, ҳақиқий футбол ишқибозлари!