2013 йил 18 июнь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон ва Қатар миллий терма жамоалари иштирокида футбол учрашувининг чипталари тайёр. Бу ҳақда «Бунёдкор» стадиони директори Воҳид Зокиров Интерфутбол газетасига берган интервьюсида маълум қилган.
ЧИПТАНИ МАҲАЛЛА ОРҚАЛИ ОЛИШ МУМКИН Зокировнинг таъкидлашича Ўзбекистон-Қатар ўйини чипталари савдосини тўғри йўлга қўйиш масаласида «Терма жамоалар маркази» билан атрофлича маслаҳатлашилган ва яқин кунларда яна бир йиғилиш ўтказилади. "Ҳозирда ҳар бир туман ҳокимияти, маҳалла раислари билан гаплашяпмиз. Демак, буюртма берадиган ташкилот ёки маҳалла чипта харид қилмоқчи бўлган фуқаролар рўйхатини бизга тақдим этади. Рўйхатда кўпи билан 30 киши бўлиши мумкин. Биз аризаларни ўрганиб чиқиб, буюртмаларга мос тарзда чипталарни тақдим этамиз. Буюртмачи томонидан мансабдор шахс чипталар сотилган секторга масъул ва жавобгар бўлади. Яъни рўйхатда номи келтирилган шахсларнигина стадионга киришини таъминлайди", дейди стадион директори.
КИШИ БОШИГА ИККИТА ЧИПТА Унинг сўзларига кўра, индивидуал тарзда чипта харид қиладиганлар учун ҳам махсус режа ишлаб чиқилган. Унга кўра, ҳар бир киши 2 тадан ортиқ ололмайди. Чиптахоналар олдида махсус «Фейс назорат» камералари ўрнатилади. Чипта олаётган кишининг юз қиёфаси компьютерга муҳрланади. Икки мартадан навбатга туриб, чипта харид қилиш мумкин бўлмайди.
БИЗДА ПИСТА ЧАҚИЛМАЙДИ, СИГАРЕТА ЧЕКИЛМАЙДИ Воҳид Зокиров шунингдек стадионда тозаликни таъминлаш масаласига ҳам тўхталиб ўтди. - Стадионга писта, сигарета ва носвой олиб киришни таъқиқлаб қўйганимизни кўпчилик тўғри қабул қилди. Бунинг учун маъмурият номидан миннатдорчилик билдираман. Озодалик бор жойда барака бўлади. Ҳар куни 60 нафар фаррош стадион озодалигини таъминлаш йўлида ишлайди. Ўриндиқлар ҳар куни тозалаб чиқилади, дейди Зокиров.
ЧИПТАНИ ҚАЛБАКИЛАШТИРОЛМАЙСИЗ Яна бир янгиликлардан бири бевосита чипталарнинг ўзига тегишли бўлиб, яқин орада замонавий терма-картон чипталарини муомалага киритиш кўзда тутилган. Стадион раҳбарининг айтишича, бу чиптани қалбакилаштиришнинг асло иложи йўқ. Чипта эгаси стадионга махсус терминал орқали киради. Чипта ҳаққоний эканлиги тасдиқлангач эшик автоматик равишда очилади. Стадионга кириб олганидан сўнг чиптани бирор кишига бериб юборган «сахий» ўша заҳоти қўлга тушади. Чунки битта чиптадан икки киши фойдаланолмайди. Узрли сабаб билан ташқарига чиқиб келмоқчи бўлганлар махсус чиқиш жойларида ўрнатилган терминалга чиптасини қўйиб, бемалол ишини битириб қайтиши мумкин. Зокировнинг сўзларига кўра, истаган киши чиптани бошқа бировга сотиши мумкин, фақат, кейин ўша кишининг ўзи стадионга киролмайди. Бундай кўринишдаги чипталар ЖЧ-2014 саралаши доирасидаги Қатар, ОЧЛ-2013 нимчорак финалида «Бурирам Юнайтед»га қарши учрашувлар ҳамда олий лига ўйинлари учун чиқарилади.
ЧИПТА ТАЙЁР, НАРХИНИ ЎЙЛАШАЯПТИ Қатар билан бўладиган ўйиннинг чипталари нусхаси тайёр. Энди баҳоси, ўйин санаси, жамоалар номи ёзилиб, махсус штрих-код киритилса бўлди. Нархлари ҳали расман белгиланмаган. Лекин унинг Ливан билан бўлган ўйин чиптаси нархидан катта фарқ қилмаслиги айтилмоқда.