Ўзбекистон аҳолисининг сони 2050 йилга бориб 34 миллион кишига етади. Мазкур прогнозлар БМТ томонидан олиб борилган тадқиқотлар асосида келтирилган. Ҳозирги кунда мамлакатимиз аҳолисининг сони 30 миллион атрофида. БМТнинг тахминларига кўра, аҳоли сони 8 миллион кишини ташкил этадиган Тожикистонда бу кўрсаткич 2050 йилга бориб 10 миллион кишигача етади. Қозоғистон аҳолиси сони 21 миллионгача кўпаяди – бугунги кунда бу ерда 17 миллион одам яшайди. Айни дамда 4,8 миллион аҳоли истиқомат қилаётган Қирғизистонда бу кўрсаткич 7 миллионга, Туркманистонда эса - 5 миллиондан 7 миллионгача ўсиши мумкин. Экспертларнинг сўзларига кўра, баъзи мамлакатларда эса, аксинча, аҳоли сони камайиши кузатилади. Хусусан, бу кўрсаткич Украинада 45,5 миллиондан 33 миллионгача. Грузияда 4,5 миллион кишидан 3,5 миллионгача пасайиши мумкин. Белоруссияда аҳоли сони 2050 йилга бориб 9,4 миллиондан 7,5 миллионгача камайиши мумкин. Латвияда икки миллион аҳолидан тахминан 1,7 миллион одам қолади. Литвада аҳоли сони 3 миллиондан 2,7 миллионгача, Эстонияда - 1,3 миллиондан 1,2 миллионгача, Молдовада 3 миллиондан 2 миллионгача, Арманистонда 3,2 миллиондан 3 миллионгача камайиши мумкин. Озарбойжонда эса аҳоли сони ўсиши кузатилиб, бу кўрсаткич 9 миллиондан 11 миллионгача ошади.
Дунёда энг кўп аҳоли сонига эга Хитойда мазкур кўрсаткич 2050 йилга бориб, 100 миллион кишига камайиши мумкин. Бинобарин, мазкур мамлакатда юритилаётган "битта оилада битта фарзанд" сиёсати оқибатида хитойликлар тез "қаришмоқда".
darakchi.uz
|