Бугун Алишер Навоий номидаги кино саройида "Ўзбеккино" Миллий агентлиги буюртмаси билан "Ўзбекфильм" киностудиясида суратга олинган "Тоға" бадиий фильмининг премьераолди намойиши ва фильм ижодкорлари иштирокидаги матбуот конференцияси бўлиб ўтди.
“Тоға” фильмида тасвирланган воқеалар ўтган асрнинг саксонинчи йиллари охирида, Бухоро шаҳрида бўлиб ўтади. Санжар исмли саккиз яшар болакай ёзги таътил пайтида тоғасиникига меҳмонга бориб, у ерда бир муддат яшайди. Унинг тоғаси бўлмиш Жумаш гарчи қувноқ, ҳазилкаш одам бўлса-да, юрагининг бир чеккаси кемтик, яъни у билан хотини бефарзанд эдилар. Шу боис Жумаш жажжи жиянини еру кўкка ишонмай, доим ўзи билан бирга етаклаб юради. Жумаш баъзан ножоиз ишларга ҳам қўл уради. Лекин оҳир-оқибат ўз хатоларини тушуниб етиб, Санжарга ҳаётда ҳалол яшаш лозимлигини уқтиради. Санжар катталар ҳаётини кузатиш орқали ўзи учун зарур хулосалар чиқариб олади.
Янги кинолентада ролларни Бобур Йўлдошев, Борис Гафуров, Нигора Каримбоева, Аббос Ниғмонов, Феруза Собитова, Али Чориев, Раъно Шодиева каби актёр ва актрисалар ижро этишган.
Фильм ижодкорлари: сценарий муаллифлари - Рашид Маликов, Алишер Жуманиёзов, постановкачи режиссёр - Рашид Маликов, постановкачи оператор - Умид Маликов, постановкачи рассом - Мария Сошина, композитор - Дмитрий Янов-Яновский.