“Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚга мувофиқ, телевидение орқали инглиз тилида кўрсатувлар намойиш этила бошланди.
Жумладан, болалар ва ўсмирлар учун “Ўзбекистон” телерадиоканалида намойиш этилаётган “Ўйла, изла, топ” ва “Болалар дунёси” кўрсатувлари ғоят қизиқарлидир, деб ёзади ЎзА. Ушбу кўрсатувларни тайёрлаш учун телерадиокомпания инглиз тили мутахассисларини таклиф этиб, ҳар бири 40 дақиқадан иборат ўқув машғулотлари ишлаб чиқилди.
“Ёшлар” телерадиоканали орқали асосан болаларга мўлжалланган қизиқарли телекўрсатувлар эфирга узатилмоқда. Мактабгача ёшдаги болалар учун намойиш этилаётган “Эртакчи болажонлар” кўрсатувида эртак, театрлаштирилган саҳна кўринишлари ва шеър айтиш ёрдамида болалар инглиз тили алифбосини ўрганмоқда. Бошланғич ва ўрта синф ўқувчиларига инглиз тилини ўрганиш учун “Катта танаффус”, “Менинг инглизча луғатим”, “Қувноқ тест”, “Инглиз тили ёшлар учун” ва бошқа кўрсатувларни томоша қилиш тавсия этилади.
“Болажон” рақамли телевизион каналида болалар учун махсус телевизион ўқув дастурлари тайёрланмоқда, хорижий тилларда бадиий, кўнгилочар ва маърифий, мультипликацион фильмлар намойиш этилмоқда. 2013 йил 1 июлдан болаларнинг чет тилини ўрганишга қизиқишини оширишга ёрдам берадиган “Инглиз тили сабоқлари”, “Чин дўстлар”, “Алифбо юлдузлари” кўрсатувлари эфирга узатилаяпти.
“Спорт” телерадиоканалида инглиз тилида “Болалар дунёси” кўнгилочар ва маърифий кўрсатуви намойиш этилаётир. Ҳар ҳафта болалар ва ўсмирлар учун Ўзбекистон футбол жамоаларининг тарихи, футбол, стол тенниси ва бошқа спорт турларининг ривожланишига бағишланган кўрсатувлар тайёрланмоқда.
“Маданият ва маърифат” телеканали инглиз тилида илмий-оммабоп ва маданий-маърифий теледастурлар тайёрланмоқда. “Қувноқ дарс”, “Инглиз тилида гаплашамиз”, “Миллий таълим”, “Кичкинтойлар” каби телекўрсатувлар шулар жумласидандир.
“Дунё бўйлаб” телеканали «Children and nature» («Болалар ва табиат»), «English for you» (“Инглиз тили сиз учун”) каби ва бошқа кўрсатувларни томошабинлар эътиборига ҳавола этиб келмоқда. Чунончи, «Children and nature» телекўрсатуви турли мамлакатлар тарихи, халқининг ҳаёти, ҳайвонот ва наботот оламига бағишланган.
"Forum TV" рақамли телеканалида барча кўрсатувлар инглиз тилидаги субтитр билан эфирга узатиб келинмоқда. Бу ўзбек томошабинларига сўз бойлигини ошириш ва грамматикани ўзлаштириш имконини берса, чет элликлар учун Ўзбекистон, унинг маданий ҳаёти ва урф-одатлари ҳақида ахборот олиш, танишиш шароитини яратади.