АҚШда .UZ доменининг яна бир ташқи DNS-сервери ишга тушди. Бу билан узнет хорижлик фойдаланувчилар учун янада яқинроқ бўлди.
Кечаги кунга қадар ўзбек домени олтита DNS-сервер билан қўллаб-қувватланарди, Ўзбекистондан ташқарида фақат битта сервер Германияда ишларди. Бугун, 16 ноябрь куни АҚШда (Виржиния штати) жойлашган еттинчи сервер ишга тушди.
DNS-серверлар қанча кўп бўлса, фойдаланувчилар Ўзбекистон домен зонасидаги сайтларга шунчалик тез йўналтирилади.
Янги DNS-cервер тезкор тармоқли оқимлар кесишувида жойлашган бўлиб, бутун дунё фойдаланувчиларининг сўровларига хизмат кўрсатади ва бизнинг домен зонамизга қайта йўналтиришлар тезроқ амалга оширилади. Серверни ўрнатиш ва созлашда CCTLD.uz мутахассислари қатнашди, дея хабар беради uzinfocom.
Янги сервер ICANN (Internet Corporation for Assigned Names and Numbers,- домен номлари билан боғлиқ масалаларни тартибга солувчи халқаро нотижорат ташкилоти) томонидан тестдан ўтказилди ва маъқулланди.
Эслатиб ўтамиз, DNS-сервер- бу домен номларини (одамга тушунарли бўлган) IP-манзилларга (маршрутизаторлар ва интернет серверларга тушунарли бўлган) айлантирувчи хизматдир. Бу мутахассис бўлмаган кишилар учун энг тушунарли изоҳ ҳисобланади.