ар йили Ўзбекистонда 80 га яқин фильм тасвирга олинади. Шунга қарамасдан мамлакатда яхши режиссёрлар ва сценарийнавислар танқислиги сезилмоқда. Ўзбек кинематографиясининг асосий муаммоси ҳам шундан келиб чиқмоқда – кўпгина фильмларнинг сюжети асосида бир хил мавзу – тўй, севги, қайнона ва келин муносабатлари ётади. Уларни ҳатто оригинал тарзда талқин қилишга уриниш ҳам йўқ, дея қайд этишади "Ўзбеккино” МАда. Агентлик матбуот хизмати берган маълумотга кўра, ҳар йили давлат бюджетидан 15 та бадиий, 10 та ҳужжатли ва 10 та мультипликацион фильмни тасвирга олиш учун қарийб 6 млрд.сўм ажратилади. Сценарийлар учун барча ғоялар бадиий коллегиядан ўтади, энг яхшилари танлаб олинади. Айтиш жоизки, хусусий студиялар томонидан ўз маблағларига олинган фильмлар ҳам бадиий қийматлиги бўйича текширувдан ўтиши шарт. Тасвирга олинадиган картиналарнинг сифатига тўхталадиган бўлсак, қизиқарли парадоксга дуч келамиз – "Киношок-2012” МДҲ ва Болтиқ давлатлари кинофестивалида ғолиб чиқиб, бош совринни қўлга киритган Аюб Шаҳобиддиновнинг "Паризод” фильми мамлакат ичида касса йиғимлари билан мақтана олмаяпти. Томошабинлар бошқа сеансларга киришни маъқул кўришмоқда. Масалан, 2012 йилда "Жодугар” мелодрамаси, "Учрашув” комедияси, "Супер қайнона” ва "Менинг акам бўйдоқ” оилавий комедиялари энг кассабоп фильмларга айланган. Бу ҳақда OLAM.uz таҳририятига Алишер Навоий номидаги кинотеатрда, Киночилар Уйида ва Mega Cinema кинотеатрида маълум қилишади. 2011 йилда экранларга чиққан хонанда Шаҳзода, актёрлар Фаррух Соипов, Улуғбек Қодиров, Бобур Йўлдошев, Жаҳонгир Позилжонов ва бошқалар иштирокидаги "Nafis" фильмини истисно тариқасида кўрсатиш мумкин. "Ўзбеккино” агентлигининг буюртмаси бўйича тасвирга олинган ушбу фильмда бир ёш йигитнинг истакларни рўёбга чиқарувчи одам билан учрашуви ва бунинг оқибатлари ҳақи сўз боради. OLAM.uz таҳририятига тақдим этилган маълумотларга кўра, томошабинлар бу фильмга бажонидил киришган ва ҳозир ҳам у Google қидирув тизимида энг оммабоплардан бири ҳисобланади. Шунингдек, ўша 2011 йилда Ёлқин Тўйчиевнинг "Афғон” картинаси ҳам тасвирга олинди. Афғон уруши, "Юк 200” ва уруш даҳшатларини бошидан кечирган одамларнинг ҳаётини акс эттирувчи ушбу драма танқидчилар томонидан юқори баҳоланди, бир нечта фестивалларда қатнашди, аммо, шунга қарамасдан, мамлакат ичида касса йиғимлари билан мақтана олмаяпти. "Ўзбеккино” агентлигида ушбу муаммонинг ечимини аҳолининг жиддий ва сифатли кинога бўлган кизиқишини ошириш, томошабинларнинг дидини яхшилаш ҳамда муаллифлик ғояларини таклиф этувчи ёш сценарийнавислар ва режиссёрларни қўллаб- қувватлашга йўналтирилган тадбирларда кўришмоқда. "Биринчи навбатда, жиддий кинога одамларнинг ўзи қизиқиши керак, шунда сифатли фильмларни тасвирга олишга рағбат бўлади" – деб ҳисоблашмоқда "Ўзбеккино" агентлигида. Manba:WwW.OrZuLaR.CoM↲