45 яшар тоғам оиласини, бўй етаётган уч фарзандини ташлаб, 25 ёшли жувонга уйланиб олганида ҳали бола эдим. Катталарнинг шивир- шивирлари, имо- ишораларию коса тагида ним коса қабилидаги гапларидан ҳеч нимани тушунмаган бўлсам-да, қандайдир ноодатий бир воқеаларнинг рўй бераётганини ҳис қилгандим. Мана энди ўзимнинг ҳам ёшим ўттиздан ошиб, оилавий ҳаётнинг нималигини тушунганимдан сўнг руҳшунослар кўп тилга оладиган «ўрта ёш инқирози» ҳақида ўйлай бошладим. Сабаб: аввало, турмуш ўртоғимнинг ёши қирққа яқинлашиб қолди. Қолаверса, бу бизда кам тилга олинадиган, бироқ жуда кўп учрайдиган муаммодир. Демак, ўрта ёшнинг ўткир муаммоларини оилавий ҳаёт манзарасида кўриб чиқамиз. «Ҳаммаси жонга тегди!» — Турмуш ўртоғим билан 26 йилдан бери биргамиз. Оила қурганимизда мен 18, у эса 21 ёшда эди. Шу пайтгача бир- биримизни ҳурмат қилиб, ардоқлаб келдик. Аммо, мана, бир йилдирки эримни худди биров алмаштириб қўйгандек. Ўзи билан ўзи овора бўлиб қолган, доим тунд. Баъзан кутилмаганда болаларни ёки мени жеркиб, уришиб қолади. Унга илгари маъқул бўлган нарсалар ҳам энди жаҳлини чиқара бошлаган. Энг ёмони, унда менга нисбатан «аллергия» пайдо бўлган. Авваллари соч турмагим ёқарди, энди бўлса: «Шу ёшга етганда, сочингни нима бало қилиб олдинг?», деб жеркийди. Гулларга қизиқишим, гул ўстиришимни доим мақтаб юрадиган одам энди «ҳамма ёқни тувак бостириб юборгансан», деб тўнғиллайди. Нима бўлганини билолмай ҳайронман. Ишхонасида ҳаммаси яхшилигини биламан, чунки укам билан бирга ишлайди, саломатлиги ҳам жойида. Қора қозонимиз қайнаб турибди, фарзандларимиз ҳам ҳозирча умидларимизни оқлашаяпти. «Сизга нима бўлди ўзи?» деган саволимга жавоби: «ҳаммаси жонга тегди!» Нафиса Азимова — Ўрта ёш инқирози нафақат шахснинг ўзи, балки оила аъзолари учун ҳам мураккаб синовдир. Ўзларининг ҳаётдаги муваффақиятсизликлари сабабини кўпчилик (айниқса, эркаклар) оилада, деб биладилар. Гўёки бола- чақа, тирикчилик ташвиши уларнинг оёқларига тушов бўлган. Қўйиб берса, самони забт этишлари мумкин эди- ю, аммо хотиннинг «минғир- минғирлари», «олахуржинни тўлдириш» ғами билан бунга муваффақ бўла олмадилар. Энди эса ёшлик ўтиб кетди, ўзининг навқирон йилларини бахш этган оила аъзолари эса гўё уни етарлича қадрламаяпти, ўтган умрининг бадалини тўламаяпти, умидларини оқламаяпти. Айтганча, оқланмаган умидлар жуда қўрқинчли нарса. Албатта, унинг аламини болалардан ололмайсиз. Балогардон яна хотин бўлади. «Овқатинг бунча бемаза?» «Семириб кетганингни қара!» «Нега қизинг ўқишдан 5 дақиқага кеч қолди? Тергамайсанми?» каби танбеҳу эътирозлар кўпчилик аёлларга таниш. Бўлмаса, овқат 20 йилдан бери бир хил рецептда тайёрланади ва шу пайтгача мақтаб-мақтаб ейилаётганди, қомат ҳам ўша-ўша, қизингиз эса кеч қолиши ҳақида сиздан ҳам олдин меҳрибон дадажонисини огоҳлантирган. Фақат энди бундан кейинги 20, балки 40 ёки 60 йил давомида ҳам шу таомни еб ўтиш ҳисси, яъни энди ҳеч нарсанинг ўзгармаслиги ҳақидаги ўй эркакни саросимага солаяпти. Шу пайтгача қилган орзуларининг фақат рўёбга чиқмаганлари хаёлга келади, умидлар эса ҳеч ҳам оқланмагандек. Нимадир қилиш керак, аммо нима? Баъзи эркакларда 45-50 ёш оралиғи ишдаги муаммолар, кескин бурилиш, букилиш ва ҳатто синиш даврига тўғри келади. Айримлар, хусусан, ҳарбий соҳа вакиллари бу ёшда нафақага чиқадилар. Шу пайтгача ўзлари буйруқ бериб келган, мартаба ва мавқеи анча паст бўлган одамлар билан энди бир қаторда туришга, улар билан тўй- ҳашам, таъзия у ёқда турсин, кундалик турмушда ҳам тенг муомала қилишга мажбур бўладилар. Бу катта стресс. Бошқа соҳа вакилларининг ҳам ўзига яраша муаммолари бор. Энди атрофдагиларни, бошлиқларни бирор нарса билан лол қолдириш қийин. Чунки қўлларидан нима келиши мумкинлиги, нималарга қодирликларини аллақачон намоён этиб бўлганлар. Ортиғини ҳеч ким кутмайди ҳам. Ортларида эса ёш авлод ўсиб келаяпти. Тасаввур қилинг, забардаст эркак қўл телефонида оддий «SMS» ёзишни эплолмай сиқилиб турганида ёнида кечагина институтни битириб келган йигитча аллақандай «гаджет»лар ҳақидаги ҳикоялари билан бошлиқни ўзига ром қилиб турса, бунга дош бериш мумкинми?! Индамаса, эртага бу бола унга раҳбарлик ҳам қила бошлайди. Нимадир қилиш керак, аммо нима? Тассуфки, ёшлиги ўтиб кетди, бўлмаса… Ана, ҳаммаси шундан бошланади! Аёллар ҳам жим турмайди Эътибор беринг, бундай вазиятга эркак дош бера олмайди, аёл эмас. Чунки аёл киши учун ишдаги муваффақият биринчи ўринда турмайди. У оиласи тинч, болалари соғ бўлишини кўпроқ ўйлайди. Шунинг учун ишдаги муваффақиятсизликлар аёлнинг оилавий ҳаётига салбий таъсир кўрсатган ҳолатлар кам учрайди. Хўш, унда оиладаги инқирозга фақат эркак сабабми? Йўқ, албатта. Айнан 45-50 ёшларида аёлларда гормонал ўзгаришлар рўй бериши, климакс ва унинг аёл руҳиятига таъсири ҳақида кўпчилик билади. Шу ҳолат аёл кишининг асабларини таранг тортилишига олиб келади. Энди у 25-30 йилдан бери чидаб келаётгани — эрининг инжиқликларига дош бера олмай қолади. Унга ҳам битта гап кам, иккитаси эса кўп. Унинг ҳам сабр косаси тўлган. Ёши ўсгани сайин муаммолари ҳам катталашиб бораётган фарзандлари етмаганидек, эри ҳам улкан бир МУАММОга айлангани уни тажанг қилади. Натижада, оила турли зиддиятлар ва жанжаллар исканжасида қолади. Кўпинча, бир неча ўн йилларни ёнма-ён ўтказган эру хотин кун келиб бир- бирига умуман бегона эканлигини сезиб қолишади. Улар фақат фарзандларнинг ота-оналари, аммо бир- бирлари учун ҳеч ким. Кимдир исён қутаради, кимир эса… Бир сўз билан айтганда, оиладаги мувозанат йўқолади. Мутухассис фикри Раъно АСОМОВА, психология фанлари номзоди, доцент: — Ўрта ёшда оилавий зиддиятларга олиб келадиган сабаблар — муносабатларнинг сийқаси чиқиши, уларда янгилик ва кутилмаганликнинг йўқолиши, одатийлик, муаммоларнинг ортиб, сабрнинг эса камайиб бориши, ҳаётнинг энг яхши йиллари қайтмас бўлиб ўтиб кетаётганини бирдан англаш, бу йилларни муносиб инсон билан бирга кечирмаётганлик ҳисси ва ҳ.к. Албатта, 25 ёшда ҳам бу ҳислар бош кўтариши мумкин, лекин ёшликда бу ҳол тез ўтиб кетади. Ўрта ёшда эса туйғулар муқим характерга эга. Шу сабабли ҳам энг бахтли, уйғун оилада-да бир кун келиб эр ёки хотин ўз умр йўлдошига нисбатан «кўргани кўзим йўқ», дейиши мумкин. Албатта, ўзбеклар болалари бўй етганида ажрашиш деган масалани умуман муҳокама қилмайдилар. Шунчаки, «ўтиб кетар», деган умидда чидаб юраверадилар. Бунда «тинч оққан сувнинг туби ғалвали» деган мақолни ишлатиш жоиз. Чунки айнан шу ёшда эркаклар баъзан ошкора, кўпинча пинҳона хотин устига хотин оладилар, аёллар эса руҳий зўриқиш ва сиқилиш натижасида турли бедаво дардларга чалинишлари мумкин. Ажрашиш қарори ўртага чиқмагани яхши, албатта. Бироқ муаммони кўрмаганга олиш ёки ундан қочиш эмас, уни ҳал этиш керак. Инқирозли вазиятда аввало, сабр қилиш ва кескин қарор ҳамда амаллардан ўзни тийишни тавсия қилган бўлардим. Тақдирга тан берманг, муносабатларни сақлаб қолишга киришинг. Моносабатлар олдингидекмаслигидан сиқилманг, сабаби оила ҳам худди инсон ёки машина каби «қарийди». Бугун фарзандлар баҳона тик турган устунлар уларни уйли-жойли қилиб, ташвишларидан бирмунча қутулгач, кутилмаганда қулаши мумкин. Аммо эр- хотиннинг ақли ва сабри етса, оила бу инқироздан эсон-омон ўтиб, янада мустаҳкамланади. Ҳаётингизни турли қувончли дамлар билан бойитинг, ўзингиз учун ҳам яшанг. Эр- хотин бирга дам олишга боринглар, маданий ҳордиқ чиқаринглар. Уйдаги мебелларнинг жойини ўзгартиринг. Аёлларнинг машина ҳайдаш ёки янги таом пиширишни ўрганишининг эрта-кечи йўқ. Эркаклар эса чойхона, ошна-оғайнидан ортиб, жуфти ҳалолларига ҳам вақт ажаратишлари лозим. Чунки қариганда, бир-бирингизга суяниб яшашингизга тўғри келади ҳали. Аёлингизни ҳозирдан авайламасангиз, қариганингизда ким сизга тиргак, ҳамдард, тан маҳрам бўлади? Ўйлаб кўриш вақти келди!
|