Аргентина терма жамоаси ҳужумчиси Лионель Месси Боливияга қарши кечган учрашувнинг танаффусида кийиниш хонасида мазаси бўлмай қолган ва қусиб юборган.
Эслатиб ўтамиз, Ла Пас шаҳрида кечган учрашув 1:1 ҳисобида якунланган. Танаффус вақтида Месси кўнгли айниётганини ҳис қилган ва қусиб юборган. Шунингдек ярим ҳимоячи Анхель Ди Мария ҳам мазаси бўлмай қолгани учун кислород етказиб берувчи ниқобдан фойдаланишга мажбур бўлган.
Ла Пас шаҳри денгиз сатҳидан 3600 метр баландликда жойлашган. Шу сабабли аргентиналиклар бу ўйинга мослаша олмаганлар.