«Туркистон» саройида Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
30 сентябрь куни мамлакатимиз таълим соҳаси раҳбарлари, фаол ўқитувчи ва мураббийлар мамлакатимизнинг бош майдонидаги ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гуллар қўйдилар. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бунёд этилган "Маърифат маркази” мажмуи, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи, замонавий иншоотлар, таълим, маданий-маърифий, спорт-соғломлаштириш муассасалари фаолияти билан танишдилар.
Шу куни "Туркистон” саройида Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Байрам тадбирига сенаторлар, депутатлар, турли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотларининг раҳбарлари, таълим соҳаси фахрийлари, илғор ўқитувчи ва мураббийлар, тарбиячилар, маънавият тарғиботчилари, маҳалла фаоллари таклиф этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига байрам табригини Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов ўқиб эшиттирди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилаётган "Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” республика кўрик-танловининг жорий йилги ғолибларига диплом ва совринлар топширилди.
Тадбирда санъат усталари ва ижрочи ёшлар иштирокида катта концерт намойиш этилди.