Агар ҳозир саккиз йил аввалги давр бўлганида, эҳтимол, кўз ёшларини яшириш учун лабларини қаттиқ тишлаб, зўрға ўзини қўлга олган бўлармиди... У пайтлар содда ва беғубор қизалоқ эди-да...
* * * Анвар ўқувчиларнинг беадоқ саволларига жавоб бераркан, кутилмаганда охирги партада бир ўзи ўтирган қизга кўзи тушиб, айтажак сўзларини йўқотиб қўйди, ўзига киши билмас оро бериб келган қизалоқ хаёл суриш асносида устозига тикилиб қолганини идрок этолмас, хазондек тўзғиган ўйларини тартибга солишга ожиз эди.
– Азимова, тўғри ўтириб ол!
* * * – Мен Ситораман, Анвар ака...
Ситора унга кимлигини тушунтиришга уриниб кўрмоқчи бўлди, ўртада эслашга арзийдиган алланималар, Ситора учун қадрли ширин хотиралар бор эди, аммо... Бу ҳақда унга айтишдан маъни йўқ...
* * * – Ситоранинг феълида, ички дунёсида нималардир ўзгаряпти. У бошқа дарсларга қандай қатнашяпти – билмайман, аммо...[JPG.uz-saytdan olindi]
– Авваллари доим дарсга тайёр бўлиб келарди. Энди эса... Унинг ўзини тутишига, руҳиятига жиддий эътибор беришингиз керак, менимча... Дарс пайти хаёли аллақаерларда...
Ноила индамади. Жавоб бериш ўрнига шу ерда юрган ўқувчилардан бирига Ситорани чақириб келишни буюрди.
* * * – Мен... ҳалиги... Бир пайтлар мен ўқиган синфга тарих фанидан дарс бергандингиз...
– Шунақами? Синф раҳбарингиз ким эди?
– Ноила опа. Алгебрадан дарс берарди...
– Тушунарли...
* * * Анвар синф хонасига келганида ўқувчилар ҳали синфга кирмаган эди. Столи устидаги гулдонда янгиланган гулларни кўриб, ҳайрон бўлди, бу ҳайронлик стол тортмасини очиб, дарслик китобини олмоқчи бўлганида яна икки марта ортди: у ерда бир нечта конверт бор эди. Улардан бирини очди: «Ассалому алайкум, Анвар ака!
Мен бу мактубни ўқувчингиз сифатида ёзаётганим йўқ... Агар сўзларим бошидан малол кела бошласа, мактубларимни ўқимай қўя қолинг...
Дарсларингизда паришон ўтиришимни аллақачон сезгандирсиз. Сизга бир ўқувчи эмас, қиз бола сифатида нигоҳ ташлаган илк кунимдан бошлаб...»[JPG.uz-saytdan olindi]
Анвар у ёғини ўқий олмади. Мактубларнинг бари салом билан бошланиб, Шайдоингиз дея тугалланган эди. Анвар ҳуснихатни бир қарашда таниди. Негадир кўнгли ўксиди. Кейин уни гўё биров бошқараётгандек тўғри ўқитувчилар хонасига йўл олди...
Мажлислар, югур-югурлар бошланиб кетди, қиз бечорани ердан олиб, ерга уришди, у мактабда бош кўтариб юролмай қолди... Биргина айтган сўзи – «Бу мактубларни мен ёзмаганман...» деган ожиз баҳона эди, холос...
* * * – Устоз, биринчи апрел ҳазили ҳақида ҳеч нима демадингиз... Синф раҳбаримиз бўлганингизга ҳаддимиз сиғиб... Кабинетингизда доскадан бир нимани кўчираётган 9-синф қиздан севги мактублари ёзиб беришни илтимос қилгандик... Вазадаги гулларни ҳам янгилаган эдик... Хатларни кўрмагансиз, десак, эртасига уларни тортмангиздан тополмадик... Балки, ўша қиз ўзидан қўрқиб, олиб қўйгандир...
– Нега «бу ўқувчиларингиз ҳазили эди», деб айтмадинг?
– Чунки... Улар учун шунчаки ҳазил бўлиб туюлган бу мактублар мен учун айни ҳақиқат эди...
Ситора шундай деб, индамай бурилиб кетди. Анвар эса асл ҳақиқатни бошқа ўқитувчиларга айтишга журъат тополмади...
* * * – Қизимни мактабдан олгани келгандим. Бу йил биринчи синфга чиқди. Мана, қўнғироқ ҳам чалинди. Менимча, мени ҳалиям эслолмадингиз, шекилли... Соғ бўлинг...
Ситора мактаб дарвозаси олдига келиб тўхтаган машинага ўтираркан, Анварга қараб жилмайди. Бу табассум саккиз йил давомида Анварни эзиб келаётган виждон азобидан халос этганди гўё...