2012 йил якунларига кўра, Ўзбекистоннинг интернетдаги миллий UZ домени ҳудудида 15811 та домен номи рўйхатга олинган бўлиб, бу аввалги йилдагига нисбатан 2373 тага кўп демакдир (ўсиш – 17,7%). UZ домен ҳудуди маъмурияти статистикасига мувофиқ ўтган йили жами 5965 та янги домен рўйхатга олинди ва қарийб 3600 таси ўчирилди. Апрель ойида энг кўп домен рўйхатга олиниши кузатилди – 592 та. Домен номларининг 8500 таси ёхуд 54 фоизи юридик шахслар, 7200 дан ортиғи ёки 46 фоизи жисмоний шахслар томонидан рўйхатдан ўтказилган. Домен номларининг аксарияти – 13,3 мингтаси (84,3%) Ўзбекистон резидентларига тегишли. Рўйхатга олувчиларниг энг йириги Arsenal-D бўлиб, рўйхатдан ўтказилган домен номларининг 30,4 фоизи ана шу фирма ҳиссасига тўғри келади. Қолган рўйхатга олувчиларнинг ҳиссаси қуйидагича: Tomas – 26,1%, Billur COM – 23,3%, BCC – 8,7%, Sarkor Telecom – 7,6% ва Simus — 1,8%. 1995 йил 29 апрелидан эътибоан UZINFOCOM Компьютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ва жорий этиш маркази UZ миллий доменининг маъмурияти саналади.