Уйқу – табиий физиологик жараён бўлиб, унда мия фаолияти ва атроф муҳитга реакция кўрсатиш даражаси энг паст ҳолатда бўлади. Бу ҳолат инсонларга, баъзи ҳайвонларга, қушларга, балиқларга ва ҳатто хашаротларга хосдир. Уйқу вақтидаги эсда қолган образлар, воқеалар кетма-кетлиги туш деб аталади. Физиологик доимий уйқуни унга ўҳшаш бошқа ҳолатлардан - анабиоз (ҳайвонларнинг қишки уйқуси), гипнотик уйқу, кома, хушдан кетиш, летаргик уйқудан фарқлаш лозим.
Уйқу пайтида анаболик жараёнлар кучаяди, катаболизм эса аксинча пасаяди. Меъёрдаги уйқу даврий бўлиб ҳар 24 соатда қайтарилади. Бу даврлар циркадли ритм номини олган. Циркадли жараён кун давомидаги ёруғликнинг узун- қисқалигига боғлиқдир, чунки ёруқлик инсон организмида маҳсус оқсилларнинг тўпланишини таъминлайди. Баъзи ҳалқларда тунги уйқудан ташқари кундузги қисқа уйқу ҳам мавжуддир (фанда сиеста деб номланади). Уйқудан олдин мудроқ холат бошланади. Бунда мия фаолияти пасая боради, эсноқ тутади, сенсор тизимининг сезгирлиги сусаяди, юрак уриши секинлашади, кўзлар ачишиб ўз- ўзидан юмила бошлайди.
Уйқу – инсон ва бошқа жонзотлар онгининг алоҳида холати бўлиб, тун давомида такрорланиб турадиган бир нечта фазани ўз ичига олади. Бу фазаларнинг такрорланиб туриши мия қисмларининг фаоллигига боғлиқдир. Олимлар соғлом инсоннинг уйқуси 4 фазадан иборат эканлигини қайд этишган. Биринчи фаза. Альфа-ритм камая бориб кичик амплитудага эга тета-ритмларга жой беради. Инсон мудроқ уйқу аралаш холатига ўтади, бунда мияда бемаъни ҳаёллар ва орзулар чарх ура бошлайди. Уларни кўпинча галлюцинацияга қиёслаш мумкин. Мушаклар фаоллиги, нафас олиш частотаси, пульс ва тана харорати пасаяди, моддалар алмашинуви секинлашади, кўзлар аста-секин харакатланиши мумкин. Шунингдек танада сесканишга ўхшаш холатлар кузатилади. Бу босқичда инсон миясига тўпланиб қолган баъзи муаммоларни ҳал этадиган ғоялар келиши мумкин. Иккинчи фаза. ( чуқур бўлмаган енгил уйқу) Мушаклар бўшашиб кетади. Юрак уриши секинлашади, тана харорати пасайиб кўзлар қимирламай қолади. Бу босқич умумий уйқу вақтининг 45-55% ни эгаллайди. Бу босқичда онг "ўчади” ва ҳеч нарсани қабул қилмайди. Бу холат давомий эмас. Ҳар бир дақиқа 2-5 қисмга бўлиниб, улар оралиғида қисқа паузалар пайдо бўлади. Ўша вақтда инсонни осонгина уйғотиш мумкин. Учинчи фаза секин уйқу номини олган. Учинчи ва тўртинчи фазалар кўпинча аралашиб, улар ўртасида аниқ чегара белгилаш қийин кечади. Тўртинчи фаза. Энг чуқур ва секин уйқу. Бу босқичда инсонни уйғотиш жуда қийин кечади. Тушларнинг 80% шу босқичга тўғри келади. Шунингдек лунатизм, тунги қўрқувлар, уйқуда гапириш, энурез (тагини хўл қилиш) каби холатлар кузатилади. Лекин инсон буларнинг биронтасини эслай олмайди.
Уйқу организмни дам олишини таъминлайди. Уйқуда инсон кун давомида қабул қилган ахборотни қайта ишлаб чиқади ва хотирага жойлайди. Шунингдек уйқу вақтида ўрганилган материаллар мустаҳкамланади. Уйқу пайтида шамоллаш ва юқумли касалликлар билан курашувчи T-лимфоцитлари фаоллашади ва иммунитетни тиклайди. Уйқунинг давомийлиги 6-8 соат этиб белгиланган, лекин инсоннинг чарчоқлик даражасига қараб 4-10 соатга айланиши мумкин. Уйқунинг бузилиш холатларида суткалик уйқу бир неча дақиқадан бир неча суткагача чўзилиши мумкин. Соғлом чақалоқларда уйқу 12-16 соатни, катта ёшдагиларда 6-8 соатни, қарияларда 4-6 соатни ташкил этади. Инсон оғир жисмоний меҳнат қилганида уйқунинг давомийлиги узайиши мумкин. Уйқудан махрум этиш оғир қийноқлардан бири ҳисобланади. Бир неча кундан сўнг инсоннинг онги тиниқлигини ва аниқлигини йўқотади, ухлаш истаги барча нарсадан устун келади, у вақти-вақти билан "чуқурга қулаётгандек” холатга тушади. Психологик босим ўтказишнинг бу усули кўпинча сўроқ пайтида қўлланилади. Тушдан кейинги қисқа вақтли уйқу ёки дам олиш сиеста деб номланади ва кўпгина халқларнинг урф-одатига айланган. Кўпинча сиеста иссиқ мамлакатларда учрайди. Олимларнинг текширишлари шуни кўрсатдики, тушдан кейинги уйқу фойдали бўлиб юрак хуружидан вафот этишни 37%га камайтирар экан.
Уйқунинг бузилиши холатлари турли ҳил бўлиб, кўпинча қандайдир касаллик белгиси бўлиши мумкин. Инсон ҳаётининг учдан бир қисми уйқуда ўтади, шунинг учун табиий ритмни сақлаб туришга ҳаракат қилиш керак. Тиббиётда сунъий равишда уйқуни чақирадиган дори воситалари анчагина бўлиб, уйқунинг бузилиш холларида қўлланилади. Организм уларга тез ўрганади ва улар таъсир этиш кучини йўқотиб боради. Замонавий дори воситаларидан Мелатонин шифокорларда кўпроқ умид уйғотмоқда. Инсон организмида магний моддаси етарли даражада бўлса, мелатонин моддаси табиий равишда ишлаб чиқарилар экан. Магний етишмовчилиги асабийлашишни, тажангликни ва тушда тишларни ғижирлатишни (бруксизм) келтириб чиқаради. Магний организмни тинч, осуда ҳолатда бўлишини, зўриққан мускулларнинг бўшашиб дам олишини таъминлаб, стресс холатларини бартараф этади. Шунинг учун уйқунинг бузилиш ҳолларида магний қабул қилиш тавсия этилади. (шифокор билан маслаҳатлашинг) Уйқуни ўрганиш ишлари 1870 йилларда кучук болалари кузатишдан бошланган. Ўша вақтнинг ўзидаёқ уйқу овқтдан муҳимроқ эканлиги маълум бўлган. Уйқунинг таркибий қисмларини тўлиқ ўрганиш ишлари XX асрнинг иккинчи ярмида миянинг (электроэнцефалограмма, ЭЭГ), мускулларнинг (электромиограмма, ЭМГ) ва кўзнинг (электроокулограмма, ЭОГ) биоэлектрик фаоллигини рўйхатга олувчи усуллар ўйлаб топилганидан сўнггина тўлиқ ниҳоясига етказилди. Бу соҳани ўрганишга 1950 йилларда Н. Клейтман ва У. Демент (США), М. Жуве (Франция) катта ҳисса қўшганлар. Ҳайвонлар уйқуси инсон уйқусидан бироз фарқ қилади. Отлар ва қўйлар тик холатда ҳам ётган холатда ҳам уҳлайверишади. Мушуклар бир суткада 16 соат ухлашади. Китсимонлар, дельфинлар ва қушлар бир томонлама уҳлашади, миянинг ярим шари уйқуда, қолган ярим шари уйғоқ холатда бўлади. Ухлаётган ва уйғоқ ярим шарлар вақти вақти билан алмашиб туради. Бу ҳолат душманлардан ҳимояланиш учун ёки денгизда сув юзасига чиқиб хаво олиш учун муҳимдир. Жирафлар тиззага чўкиб ва бўйнини оёғига ўраб уҳлашади. Шерлар осмонга қараб, олдинги оёқларини кўкраги устига қўйиб уҳлашади. Каламушлар ёнбошлаб, думини бош томонга буриб ухлашади. Тулкилар ҳам каламушлар сингари уҳлашади. Кўршапалаклар бошини пастга осилтириб ухлашади.
Совуққон ҳайвонлар, масалан калтакесаклар, тошбақалар, балиқлар ҳам ухлаши фанга яқиндагина маълум бўлди. Қушлар учиб кетаётиб ҳам ухлаши мумкин экан. Буни узоқ масофаларга кўчиш пайтида кузатиш мумкин. Уҳлаётган қуш тўданинг марказига интилиб уйқуга кетади ва қанотларини номигагина силкитиб қўяди. Тўда қанотларининг силкиниши туфайли ҳосил бўлган ҳаво оқими уларни қулаб кетишдан сақлаб туради. Ухлаб бўлган қуш чарчаган қуш билан жойини алмашар экан. 2008 йилдан бошлаб Ҳалқаро тиббиёт ассоциацияси ташаббуси билан (ингл. World Association of Sleep Medicine) хар йили март ойининг учинчи жумаси халқаро уйқу куни сифатида нишонланади