Статистика |
Hozirda saytda: 42 Mexmonlar: 42 Foydalanuvchilar: 0 |
|
Главная » 2013 » Fevral » 20 » Умрбод таъминлаш эвазига уйга эгалик қилиш мумкинми
00:42 Умрбод таъминлаш эвазига уйга эгалик қилиш мумкинми |
ёхуд уй ва ижара олди-бердиси хусусида Уй олди-сотдиси, ижарага олиш, бериш каби муаммолар ҳар биримизнинг ҳаётимизда учраб туради. Қуйида, ушбу масалалар юзасидан таҳририятга келиб тушган баъзи саволларга батафсил жавоб топишингиз мумкин. Уч нафар фарзандим ва турмуш ўртоғим билан кўп қаватли уйда жойлашган икки хоналик хонадонда истиқомат қиламиз. Ўғилларим анча улғайиб қолишган, уйимиз эса торлик қилиб қолди. Бир танишим “Агар бирор кимсасиз қарияни топиб, унга қараб турадиган бўлсанг, уйини сенга хатлаб бериши мумкин” деб қолди. Шу тўғрими? Бунинг қандай шартлари бор? Азиза Юнусова, Тошкент. БУНИНГ УЧУН... Умрбод таъминлаш шарти билан уй-жой (уйнинг бир қисми)ни, квартирани бошқа шахсга бериш шартномасига мувофиқ, бир тараф (олувчи) ёши ёки соғлиғи туфайли меҳнатга лаёқатсиз бўлган бошқа тараф (бошқа шахсга берувчи)ни натура ҳолида (уй-жой бериш, овқатлантириш, парваришлаш ва зарур ёрдам кўрсатиш тарзида) умрбод моддий таъминлаш мажбуриятини олади, бошқа шахсга берувчи эса олувчига уй-жой (уйнинг бир қисми)ни, квартирани мулк қилиб бериш мажбуриятини олади. Умрбод таъминлаш шарти билан уй-жой (квартира)ни бошқа шахсга бериш шартномасида бошқа шахсга берувчига қандай моддий таъминот турлари берилиши, уларнинг пул билан ифодаланган бир ойлик баҳоси ва уй-жой, квартиранинг қиймати кўрсатилиши лозим. Бериладиган уй-жой (уйнинг бир қисми), квартира ва моддий таъминот қиймати тарафлар келишуви билан белгиланади. Умрбод таъминлаш шарти билан уй-жой (уйнинг бир қисми), квартирани бошқа шахсга бериш шартномаси ёзма шаклда тузилиши ва нотариал тасдиқланиши лозим. ИШОНЧНИ СУИСТЕЪМОЛ ҚИЛИШ МУМКИН ЭМАС! Умрбод таъминлаш шарти билан уй-жой, квартирани бошқа шахсга бериш шартномасига мувофиқ, олувчи шартнома амал қилиб турган даврда бу уйни, квартирани сотиш, ҳадя қилиш, гаровга қўйишга ва уй, квартирага мулк ҳуқуқини оғирлаштирадиган бошқа ҳаракатларни амалга оширишга ҳақли эмас. Агар олувчи шартнома бўйича ўз мажбуриятларини бажармаса ёки тегишли даражада бажармаса, берувчи таъминотни вақти-вақти билан ҳақ тарзида тўлаб туришга алмаштиришни ёки шартномани бекор қилишни талаб қилиши мумкин. ҚУРБИ ЕТМАЙ ҚОЛСА... Агар олувчининг моддий аҳволи ўзига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра бошқа шахсга берувчига шартлашилган таъминотни бера олмайдиган даражада ўзгарса ёки бошқа шахсга берувчи меҳнат қобилиятини тикласа, шартнома олувчининг талабига кўра бекор қилиниши мумкин. ОЛУВЧИ ВАФОТ ЭТСА... Олувчи вафот этган тақдирда умрбод таъминлаш шарти билан уй-жой (уйнинг бир қисми), квартирани бошқа шахсга бериш шартномаси бўйича мажбуриятлар унинг ворисларига ўтади. Олувчининг ворислари бўлмаганида ёки улар умрбод таъминлаш шарти билан уй-жой (уйнинг бир қисми), квартирани бошқа шахсга бериш шартномасини бажаришдан воз кечганларида олувчига берилган уй-жой, квартира уни бошқа шахсга берувчига қайтарилади. КИМЛАРГА ТЕКИНГА УЙ БЕРИЛАДИ? Турар жойлари авария ҳолатида эканлиги ёки табиий офатдан зарар кўрганлиги белгиланган тартибда тан олинган фуқароларга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда текинга уй-жой берилади. Ҳозирча бўш турган уйимни бир оилага ижарага бермоқчиман. Бунинг учун бирор ёзма ҳужжат талаб этиладими ва қандай шартлари бор? Ўктам Мираҳмедов, Андижон вилояти. ИЖАРА ШАРТНОМАСИ ТУЗИШНИ УНУТМАНГ! Уй, квартира мулкдори ўзи билан бирга яшаётган вояга етган оила аъзоларининг розилиги билан ёки юридик шахснинг ваколатли органи қарорига биноан уйни, квартирани ёхуд уларнинг бир қисмини фуқароларга ва юридик шахсларга ижарага ёки арендага беришга ҳақлидир. Тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ижара ёки аренда шартномаси тузилаётган муддат, тўлов ҳақи миқдори ва бошқа шартлар, агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, тарафларнинг келишувига биноан белгиланади. Турар жой ижараси ёки арендаси шартномаси ёзма шаклда тузилади ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳисобга олиниши (рўйхатдан ўтказилиши) лозим. Ижара шартномасида тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда фуқаролик қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа шартлар белгилаб қўйилади. Ижара шартномасида ижарага олувчи билан доимий яшаётган фуқаролар кўрсатилган бўлиши керак. ИЖАРА УЙГА КИМЛАРНИ КИРИТИШ МУМКИН? Фуқарога мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган уйдан, квартирадан турар жойни ижарага олувчи ўзи ижарага олган хонага уй, квартира мулкдорининг розилигидан қатъи назар, вояга етмаган фарзандларини, агар у алоҳида хонани эгаллаётган бўлса ва ижарага бериш шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, шунингдек эри (хотини) ва меҳнатга қобилиятсиз вояга етган фарзандлари ҳамда ота-онасини кўчириб киритиш ҳуқуқига эга. Бошқа фуқароларни фақат уй мулкдорининг розилиги билан кўчириб киритиш мумкин ва ижарага олувчи томонидан ўз оила аъзоси сифатида кўчириб киритилган ушбу фуқаролар, агар кўчириб киритишда улар ўртасида бошқача келишув бўлмаган бўлса, ижарага олувчи ҳамда унинг бошқа оила аъзолари билан турар жойдан фойдаланишда тенг ҳуқуққа эга бўладилар. ДИҚҚАТ: Ижарага берувчи томонидан эътироз бўлмаган тақдирда, ижарага олувчи шартнома муддати тугаганидан кейин ҳам турар жойдан фойдаланишни давом эттирса, шартнома аввалги шартларда қайта тузилган деб ҳисобланади. ИЖАРАЧИ НИМАГА МАСЪУЛ? Ижарага олувчи, ижарага олувчининг оила аъзолари ва у билан доимий яшаётган фуқаролар: кўп квартирали уйнинг турар жойларидан, умумий фойдаланишдаги мол-мулкидан белгиланган мақсадда, бошқа фуқаролар ва юридик шахсларнинг уй-жой ҳуқуқи, ўзга ҳуқуқларини камситмаган ҳолда фойдаланиши; турар жойларнинг асралишини таъминлаши, шунингдек уларни тегишли техник ҳамда санитария ҳолатида сақлаб туриши; авария юз берган тақдирда, ўзлари эгаллаб турган турар жойга тегишли авария-таъмирлаш хизматлари вакиллари киришларини таъминлаши; қонун ҳужжатларида назарда тутилган техник, санитария, экологик ва ёнғинга қарши талабларни бажариши; ижара шартномаси бўйича турар жойлар ҳақини ва коммунал хизматлар ҳақини ўз вақтида тўлаши шарт. ИЖАРАЧИ ВАҚТИНЧА УЙДА БЎЛМАСА... Турар жойни ижарага олувчи, унинг оила аъзолари ёки ижарага олувчи билан доимий яшаётган фуқаролар вақтинча бўлмаганида турар жой олти ой муддат давомида уларнинг ҳисобида сақланиб туради. ИЖАРАГА ОЛУВЧИ ТАНИШИНИ ТЕКИНГА ЯШАШ УЧУН ОЛИБ КЕЛСА... Ижарага олувчи, унинг оила аъзолари ва у билан доимий яшаётган фуқаролар ўзаро келишувга биноан ва ижарага берувчини олдиндан хабардор қилган ҳолда вақтинча яшовчиларга (фойдаланувчиларга) турар жойда текин яшаб туришлари учун рухсат этишга ҳақлидирлар. Вақтинча яшовчиларнинг яшаб туриш муддати олти ойдан ошмаслиги керак. Вақтинча яшовчилар турар жойдан фойдаланишда мустақил ҳуқуққа эга бўлмайдилар. Уларнинг хатти-ҳаракатлари учун ижарага берувчи олдида ижарага олувчи жавобгардир. Вақтинча яшовчилар улар билан келишилган яшаб туриш муддати ўтганидан кейин, агарда бундай муддат келишилмаган бўлса, ижарага олувчи, унинг оила аъзоси ёки у билан доимий яшаётган фуқаро томонидан тегишли талаб қўйилган кундан эътиборан кўпи билан етти кун ичида турар жойни бўшатишлари шарт. ИЖАРА УЙНИ КИМ ТАЪМИРЛАЙДИ? Муниципал, идоравий уй-жой фонди ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондининг уйларидаги ижарага берилган турар жойни таъмирлаш, агар турар жойни ижарага бериш шартномасида бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, ижарага олувчининг мажбуриятига киради. Ижарага берилган турар жойни капитал таъмирлаш, агар шу турар жойни ижарага бериш шартномасида бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, ижарага берувчининг мажбуриятига киради. Ижарага берилган турар жойни ижарага олувчининг розилигисиз қайта қуришга, ўзгартиришга, агар бундай қайта қуриш ва ўзгартириш уй-жойдан фойдаланиш шароитларини тубдан ўзгартирса, йўл қўйилмайди. ШАРТНОМА БЕКОР ҚИЛИНГАНДА... Турар жойни ижарага олувчи оила аъзоларининг ҳамда ўзи билан доимий яшаётган фуқароларнинг розилиги билан исталган вақтда ижарага берувчини уч ой олдин ёзма равишда огоҳлантириб, ижара шартномасини бекор қилиши мумкин. Ана шундай огоҳлантиришсиз шартнома бекор қилинган тақдирда ижарага олувчи кейинги уч ой учун турар жой ҳақини тўлаши шарт. ТОШКЕНТДА ИЖАРАГА ЯШАШ ҚАНЧАГА ТУШАДИ? Бу ижарага берилаётган уйнинг неча хоналилиги, қаерда жойлашгани, умумий ҳолати ва жихозларига қараб белгиланади. Масалан, бир хонали уйнинг бир ойлик ижара нархи ўртача 150-500 минг атрофида, икки хонали уйлар 250.000 сўмдан 1 000 000 гача, уч хонали уйларнинг ижараси 400.000 сўмдан 1 500 000 ва ундан ҳам кўпроқ бўлади. Амалдаги қонун ҳужжатлари асосида Лобар АЗИЗХЎЖАЕВА тайёрлади. Manba:ovoza.com
|
Категория: Dunyo xabarlari |
Просмотров: 1124 |
| Рейтинг: 5.0/4 |
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи. [ Регистрация | Вход ]
|
|
|