Статистика |
Hozirda saytda: 13 Mexmonlar: 13 Foydalanuvchilar: 0 |
|
Главная » 2013 » Fevral » 24 » Уяли телефонларда видеоси тарқалган Абдулла Қурбонов бўлган ишлардан пушаймон
00:05 Уяли телефонларда видеоси тарқалган Абдулла Қурбонов бўлган ишлардан пушаймон |
Яқинда мобил телефонларда хонанда Абдулла Қурбоновнинг хуқуқ тартибот органлари ходимлари билан тортишуви акс этган видеотасвир пайдо бўлди. Унда таниқли хонанданинг қўпол тарзда сўкиниши қайд этилган. Бироқ, видео тасвир орқали ушбу воқеа нима сабабдан рўй берганини англаб олиш қийин. Бугун shov-shuv.uz сайти Абдулла Қурбонов билан ана шу мавзуда уюштирилган суҳбатни чоп этди. Қуйида ушбу интервьюни тўлиқлигича эътиборингизга ҳовала этамиз.
-Айрим ҳамкасбларингизга ўхшаб, "айрим видеолардаги қаҳрамонлик”ларни инкор этган тарзда, "бу мен эмас!” қабилида иш тутишни афзал биласизми? -Йўқ, албатта. Бандамиз-да, хом сут эмган. Хатолар қиламиз. Адашамиз. Муҳими, ана шу хатоликни ўз вақтида англаш ва тўғри хулоса чиқариш. Мастликда инсон оғзидан ади кириб, бади чиқади. Бу видео қандай қилиб тарқатилган билмадим-у, бироқ, шундай бўлгани рост.
-Тан олиш ҳам бу бир мардлик. Қаттиқ афсусдамисиз? -Албатта пушаймондаман. Шу видеони кўрган ёшлар, санъаткорларга айтмоқчиманки, менинг бу хатоимни такрорламанглар! Бирон марта бундай қўполикка бормаганман, ахир. Ҳаммасига ичкилик сабаб бўлди. Бундан буёғига ички дардларимни, ҳасратларимни унга ошно тутинмасдан енгишга интиламан.
-Биринчи бўлиб бу видеони кимдан ё қай тарзда кўрдингиз? -Маҳалламда яшайдиган ҳам яқин қўшним ва мухлисларимдан бири бўлган укам ачиниш оҳангида мурожаат қилиб, видеони кўрсатди. Менга ҳам у каби қаттиқ таъсир этди. Ўчириб ташлашини айтдим.
-Ўғилларингиз, рафиқангиз, умуман оила аъзоларингиз бу воқеадан хабардорми? Улар қандай фикрда? -Рафиқам бот-бот "кўп ичманг” дея айтарди. Мана оқибати. Катта ўғлим кўрган экан, вазиятни тўғриликча тушунтирдим.
-Санъаткорлар қандай муносабат билдиришмоқда? -Биринчи бўлиб, бир ҳофиз укам Камолиддин далда берди. Ўзимни оқлаш эмас-у, бундай оғир вазиятларда инсон қалбини синдиргандан кўра, унга мадад ҳам бўлиш керак.
-Ўзи воқеа қандай содир бўлганди? Қандай қилиб, ички ишлар ходимлари қўлига тушиб қолдингиз? -Бўстонлиқда тўйдан сўнг бир кафеда кабоб еймиз деб, ўзимиз кабоб бўлдик! Мастликдан сўнг келиб чиққан жанжал ниҳояси ички ишлар идорасига олиб борди. Қаҳр-ғазаб отидаги, тўла стресс ва агрессияга ботган инсондан нима кутиш мумкин? Ҳамма қўполлик ичкилик туфайли! Бироқ, ички ишлар ходимларига миннатдорчилик билдирмоқчиман. Улар мени тўғри йўлга чорлашди. Айбимга яраша жазо ҳам олдим. 10 кун озодликдан маҳрум этилдим. Мана шу 10 асрдек кўринган 10 кун ичида кўз олдимдан нималар ўтмади денг?! Хуллас, ҳаммасига нуқта қўйилгач, орадан озгина фурсат ўтмай, мана бу аҳвол, видео тарқалиб кетган!
-ОАВлари воқеага нисбатан қандай реакцияда? -Яқинда "Озодлик” радиосининг қилган иши аламли. Менинг фикрларимни бўрттиргани, табиийлигини йўқотиб мақола ёзишгани оғир ботди. Қўнғироқ қилиб сўраган саволларига берган жавобларим радионинг сайтида бошқачароқ ёритилган. Ўқувчилар мақола билан танишгач, хато фикрлашмасин дейман-да!
-Оммага, мухлисларингизга хулоса тарзида қандай қалб сўзларингизни айтгингиз келади? -Яхшиям, бағрикенг халқнинг фарзандиман. Санъаткорларни ўз фарзанди, дилбандидек севиб, эркаликларини кўтаришади. Бундай видеолар йигирма йиллик ижодимга таҳдид солади. Шундай экан, тарқатишдан олдин бир инсон ҳаётини, ижодини чилпарчин қилиши мумкин бўлган бундай видеолар натижаси ҳақида обдон ўйлаб кўришганида, нур устига аъло нур бўларди. Менинг ўрнимда сиз, акангиз, укангиз ё бирон яқинингиз бўлганида қандай йўл тутардингиз? Мана, жавобингиз йўқми? Менда ҳам афсусдан бошқа жавоб йўқ. Ҳаётимизни гўзал яшаб битирайлик.
|
Категория: Shou biznes olami |
Просмотров: 741 |
| Рейтинг: 5.0/12 |
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи. [ Регистрация | Вход ]
|
|
|