Ucell алоқа оператори бош директори Али Аган Kcell (Қозоғистон) алоқа оператори бош директори этиб тайинланди.
Яқинда TeliaSonera Евросиё раҳбарияти таркибида кадрлар алмашинуви рўй берганди. Унга кўра, беш йилдан бери Kcell компаниясини бошқариб келган Вейсел Арал 2013 йилнинг февралида TeliaSonera Евросиё президенти этиб тайинланди ва TeliaSonera менежменти таркибига киритилди. Энди шу йилнинг 1 июнидан бошлаб унинг ўрнини Ўзбекистонда фаолият олиб борган Али Аган эгаллайди.
Эслатиб ўтамиз, Ucellга келгунига қадар Али Аган беш йил давомида Azercell (Озарбойжон) мобил оператори президенти лавозимида ишлаган ва қатор муҳим ўзгаришларга бошчилик қилганди.
2012 йилнинг сентябр ойидан бошлаб, Али Аган Ucell бош директори этиб тайинланган эди. Қисқа фурсат ичида у Ucellни TeliaSonera таркибидаги энг мижозлари кўп тармоққа айлантиришга эриша олди, деб айтилади компания баёнотида.