Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Туркия ёшлар терма жамоасига 2:5 ҳисобида имкониятни бой берди. ЎФФ расмий сайтихабарига кўра, ўйин 20 февраль, чоршанба куни Анталиядаги Акдениз университети стадионида бўлиб ўтган. Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси учрашувнинг дастлабки дақиқаларини нисбатан бўш ўтказган. Бунинг натижасида туркиялик ёш футболчилар 11-дақиқагача Ўзбекистон дарвозасига учта жавобсиз гол уришган. Шундан сўнг, 32 ва 57-дақиқаларда Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ҳужумчиси Игорь Сергеев рақиб дарвозасига иккита гол уришга муваффақ бўлиб, ҳисоб қисқартирилган, бироқ сўнгги дақиқаларда турклар яна иккита гол уриб, якуний ҳисобни ўрнатишган. ЎФФ расмий сайтининг қайд этишича, бу ёшлар терма жамоасининг Туркияда ташкил этилган ўқув-машғулот йиғинлари доирасидаги иккинчи ўйини. Бунгача ёшлар термаси Россиянинг «Арсенал» (Тула) клубига имкониятни бой берган. Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ёшлар ўртасидаги 2013 йилги жаҳон чемпионати иштирокчиси ҳисобланади. Ушбу мусобақа шу йилнинг 21 июнь – 13 июль кунлари айнан Туркияда бўлиб ўтади ва Туркия ёшлар терма жамоаси мусобақа мезбони ҳисобланади. Ҳозиргача 24 терма жамоа қатнашадиган мусобақанинг, Туркия ва Ўзбекистондан ташқари, яна 13 иштирокчиси номи маълум бўлиб улгурган. Жумладан, Осиё қитъасидан Жанубий Корея, Австралия ва Ироқ, Жанубий Америкадан Колумбия, Чили, Парагваий ва Уругвай, Европадан эса Испания, Хорватия, Англия, Франция, Греция ва Португалия ёшлар терма жамоалари иштирок этади. Африка, Шимолий Америка ва Океания минтақаларида саралаш баҳслари март ойида бўлиб ўтади. 12 февраль куни мусобақада иштирок этадиган жамоалар, саралаш баҳсларида қайд этган натижаларига асосан, саватларга бўлиб чиқилган ва Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси 2-саватдан жой олган. Туркия футбол федерацияси расмий сайти хабарига кўра, 23 февраль куни Истанбулда мусобақанинг расмий қўшиғи ва тўпи намойиш этилади.
|