Ёмғирли кунларнинг бирида Навоий кутубхонасида бир мақола юзасидан манба ахтариб ушланиб қолдим. Кутубхонадан чиққанимда атрофга қоронғулик чўккан, ёмғир тинган бўлса-да, этни жунжиктирувчи шабада эсар, кўчаларда қандайдир зерикарли муҳит ҳукм сурарди. Курткамга яхшилаб ўралиб олдим-да, хиёбон оралаб метро томон кета бошладим. Соат кечки саккиз-саккиз яримлар ораси. Хиёбон атрофи қизлар билан гавжум. Юрагим шиғ этгандай бўлди. Чунки улар одатдаги қизлардан эмасди. Уларга парво қилмай аста кета бошладим. Шу пайт ортимдан аёл кишининг "асал йигит, зерикиб қопсиз”, деган овози эшитилди. Товуш шу қадар илтижоли эдики, қулоғимга тиланчининг озгина садақа қилинг, деган гапидай эшитилиб кетди. Кўнглим алланечук бўлиб, у томон ўгирилдим. Қаршимда 30-35 ёшлар чамаси қора плашли бир аёл турар, сочлари қора ва калта, юз-кўзларига, лабларига боплаб бўёқ сурилган, хўппа-семиз эди. Оғзидан сигарет аралаш ароқ ҳиди уфуриб турардики, бу қўланса ҳиддан кўнглим ағдарилиб кетди. Лекин шундай бўлса ҳам касбим тақозоси билан у билан суҳбатлашишга қарор қилдим. — Кечирасиз, мен сизнинг одатдаги мижозларингиздан эмасман. Лекин шунга қарамай сиздан бир-икки нарсани сўрамоқчи эдим. Илтимос, беш минут вақтингизни аямасангиз? — Бизнинг вақт пул туришини биласизми, йигитча? — Барибир, ҳозир мижозларингиз кўринмаяпти-ку? Аёл ён-атрофга қараб, ҳатто ёшгина "қизлар” ҳам бекор турганлигини кўриб рози бўлди шекилли, яқин- атрофдаги курсилардан бирига бошлади. Курсига яхшилаб ўтириб олгач, деди: — Сўранг, сўрайдиганингизни? — Ёшингиз нечада? — Неча ёшга ўхшайман? Саволга савол билан жавоб қайтарди "тун маликаси”. — Менимча, 30 ...ё... — Нималар деяпсиз? Мен 17 яшар қизман-ку? Ҳали жуда ёшман. Сиз менинг семизлигимни кўриб баҳо берманг. Кийимсиз, қўғирчоқдекман, — дея нозлангандай бўлиб сўзланди у. Уни хафа қилиб қўйишдан қўрқиб, гапини маъқулладим. (Ўзимдан бир ярим баробар катта аёлнинг бу гаплари мени саросимага солиб қўйганди) — Узр, албатта, чиройингиз 17 ёш қизларникидан қолишмайди. Фақат ёшингиз бирмунча каттароққа ўхшар экан. Шундан кейин, ўзини Г... деб таништирган бу аёл билан суҳбатимиз қизиб кетди. — Кўринишингиздан анча довюрак, чўрткесарга ўхшайсиз, лекин негадир хафа кўринасиз? — Ҳа, тўғри топдингиз. Мен ҳеч кимдан қўрқмайман. Бир одатим бор: яхшига яхшиман, ёмонга ёмон. Шиорим шундай. Мағрурман. Лекин шунга қарамай, озгина соддалигим бор. Баъзида айрим қуруқ мижозлар чув тушириб кетган пайтлар бўлади. Агар уларни ушлаб олсам, уҳ... ғижиниб қўйди суҳбатдошим (журналист касб одобига риоя этган ҳолда Г... опанинг ишлатган қўпол сўзларини уч нуқта билан беришни лозим топдик) — Г... опа, негадир кўзларингиз ғамгин кўринар экан? (тунги чироқда унинг кўзларидан қувноқлик, ноз ва эркалик пардаси ниқобида аллақандай маҳзунлик мўлтайиб турарди) — Кўп қийналганман. Фақат олдинги ҳаётингда ким бўлгансан деб сўраманг. Эркаклардан жуда қаттиқ нафратланаман. — Оилангиз борми? — Бор эди, лекин ҳозир йўқ. Хўжайиним ёмон йўлга кириб кетгач, хиёнатини кўриб қолдим. Ажрашдик. Шундан кейин қийинчилик мени шу йўлга киришга мажбур қилди. — Бундай "касб”ни танлашингизга нима сабаб бўлган? — Эримдан ажралгач, қийналдим. Қашшоқлик ёмон бўлар экан. Ҳар нарса қилиб кўрдим. Барибир ўзингиз орзу қилганингизча яшолмас экансиз. Ўқимагандим. Афсусландим. Бир куни бир одамдан катта миқдорда қарз бўлиб қолдим. Қарзни тўлаш лозим эди. Кўча қизларидан танишларим бор эди. Маслаҳат қилдим. Хиёбонга чиқ дейишди. Мен мажбур бўлдим. Қарасам, катта пул топиш мумкин. Кейин бу "касб”ни ўзимга одат қилиб олдим. — Сир бўлмаса бир ойлик "маошингиз” қанча? (Г... опа дарҳақиқат жуда соддага ўхшарди, агар содда бўлмаганда бундай эзма саволларга жавоб бериб ўтирмасди) — Бу ерда бир ўзим эмасман. Аввал, ўзим чиқиб юрдим, ҳозир уч- тўртта "маликам” бор. Шуларни чиқараман. Ўзим онда-сонда чиқаман. Топишим жуда яхши. Мижозлардан «даҳшат» пул ундирамиз. Кўчада фаррошлик қилиб юргандан чўнтакка шу фойдали-да. — "Касбингиз” орқали нимага эришдингиз? — Аввало, ўзим хоҳлагандай яшаяпман. Эркин қушман. Қолаверса, данғиллама участка олдим. Эски "Жигули”ни "Нексия”га алиштирдим. — Зино энг оғир гуноҳ эканлигини биласизми? — Вой, нимага гуноҳ бўларкан?! Худога ишонаман. Лекин фоҳишалик қилмасам, балки ундан ёмонроқ гуноҳ қилган бўлардим. Тирикчиликнинг айби йўқ, деб ўйлайман. — Биласизки, ҳозирда СПИД деган касаллик кенг тарқалиб кетяпти. Шунга нима дейсиз? Ўзингизни текширтириб турасизми? — Во-о-й, манга ҳам, "қизча”ларимга ҳам кафолат юз! Шахсий врачимиз бор. Доимий текшириб туради. Қолаверса, биз ҳам анойилардан эмасмиз. Алоқа пайти, мижозни махсус ҳимоя воситалари билан таъминлаймиз. Биз берган нарсани ишлатмаса, думи тугилади. — Лекин қилаётган ишингиз қонунга ҳам хилоф-ку? Мижозлар жавобгарлигини қандай таъминлайсиз? — Ҳе, махсус "дом” бор. Бу ердан мижозни олиб, тўғри ўша жойга борамиз. Жой учун ҳам алоҳида тўлашади. Чунки у ерда хавфсизликка жавоб беришади. — Нега ичасиз, чекасиз? — Ичишим совқотмаслик учун. Кейин одамни жасур қилади. Дастлаб, қўрққанман. Кейин озгина ичиб олгандим, журъат кирган. Кейин ҳар доим ичадиган бўлиб қолдим. Чекишимга сиқилишим сабаб бўлган. Бу касб мени барча яқинларимдан айирди. Ҳар қанча зўр яшасам-да, барибир олдинги ҳаётимни қўмсаб тураман. — Сизларга қандай мурожаат қилишади? — Бизга осон тутманг. Биз ҳам одам. Барча мижозлар бир гўр. Ҳаммасини нафси етаклаб келади. Улар нафсини қондириши керак, бизга пул керак. Баъзида танишиб қолиб, доимий мижозимизга айланади. Телефон орқали "топишамиз”. Шахсан менга эркакларнинг башараси умуман ёқмайди. Барчасига тупураман. Нафратланаман. Лекин пулини олгунимча, муомала қилишимга тўғри келади. Шу пайт хиёбонда ғала- ғовур бошланиб кетди. Афтидан бир гала мижозлар келди чоғи. Ўгирилиб қарасам, бир тўда ўсмирлар. Битта- битта қизни чеккага тортишяпти. Г... опа ўрнидан сапчиб қўзғалди-да, ман тезроқ борай, бўлмаса манга "тегмайди”, дея нари кетди. Г... опанинг ортидан ўгирилиб, кузатиб қолар эканман, унинг ёшига ярашмаган нутқи, салобати, нолиши ва ҳаёти хусусидаги мулоҳазалар шууримда ғужғон ўйнар, қалбимда ачиниш ҳиссини туярдим. Агар тақдир тўнини тескари киймаганда, ҳозир бу аёл бир оиланинг гулдай бекаси бўлиб, бағридаги фарзандлари бахтидан қувониб ўтирмасмиди?! Балки қалби ҳозиргидек нафрат, алам ва изтироб чўғлари билан эмас, балки бахт нашидаси билан тўлиқ бўлармиди?! Хиёбондан чиқиб кетар эканман, бу каби саволлар фикримни қитиқларди.
|