Тошкент-Олма-ота йўналиши бўйича парвоз қилган Қозоғистоннинг «Эйр Астана» авиакомпаниясига тегишли Boeing 757-200 русумли самолёт Чимкентда қўнишга мажбур бўлди.
Хабарларга қараганда, жума куни мазкур авиалайнер Тошкентдан соат 13:15 да кўтарилиб, сунъий иқлим ҳосил қилиш тизимларидан бирида носозлик пайдо бўлгани сабабли соат 14:10да Чимкент шаҳридаги аэропортда режалаштирилмаган техник қўнишни амалга оширган.
«Эйр Астана»нинг маълум қилишича, ҳаво кемаси бортидаги 136 йўловчидан ҳеч бири зарар кўрмаган. Рейс йўловчилари Чимкентдан Олма-отага Airbus A321 самолётида учиб кетишган.