Шу йилнинг 29 март куни ўзим гувоҳ бўлган воқеа менга бир умрлик сабоқ бўлди...
Пойтахтимиз кўчаларидан бирида танишим билан машинада кетаётгандик. Биздан йигирма-ўттиз метр нарида турган йўл патрул ходимига кўзимиз тушди. Шу пайт қарама-қарши томондан келаётган қаймоқранг матиз машинаси эътиборимни тортди. Чунки у катта тезликда келаётганди.
- Матиз қўлга тушди, - дея шеригимга кулдим. Қолган воқеалар эса кўз очиб-юмгунча бўлиб ўтди. Ҳалиги матиз ҳайдовчиси патрул ходимини энди кўрдими, келаётган йўлининг ўзида бурилиб йўналишга қарши юра бошлади.[www.JPG.uz]
- Ие, матиз ҳайдовчиси нега бунақа қиляпти? - ҳайратланди шеригим. - Патрулдан қочди, - дедиму, ён ойна орқали йўл патрул ходимининг ҳам машинасига ўтираётганини кўрдим. Кутилмаганда у матизнинг ортидан йўналишга қарши юриб қувлай бошлади. Йўл кўприк остига тўғри келди ва...
Танишим ҳам, мен ҳам ўзимизни йўқотиб қўйдик. Сабаби, ҳозиргина катта тезликда қочаётган матиз кўз ўнгимизда уч метрлар баландликка кўтарилди-ю, ўзи тўқнашган эпика устида тескари бўлиб тушди.
- Одамлари тирикмикан? - шартта тўхтадим. Ҳамроҳим ҳам машинада тушди. Югуриб бордик. Қаймоқранг эпика ичида ҳайдовчи ва бир аёл додларди. Мен аёл томонга югурдим. Ҳамроҳим ҳайдовчига... Бундай кўргиликни ҳеч кимга раво кўрмайман. Ишонасизми, аёлнинг белидан оппоқ бўлиб суяк чиқиб турарди. Ҳайдовчининг оёқлари эса худди эшилган ипдек айланиб кетган...
Уларга ёрдамлашиб машинадан тушириб ерга ётқиздик. - Матиз ҳайдовчисига қара, - дедим шеригимга. Сал ўтмай у кўзларида ёш билан бош чайқаб келди: - 18-20 ёшлардаги йигит экан. Нафас олмаяпти.
Даҳшатга тушдим: Эҳ, йигит! Нималар қилиб қўйдинг? Ўзинг умрингга зомин бўлдинг ва яна икки одамни қай аҳволга солдинг? Шу патрул сени тўхтатса ҳужжатингни оларди, жарима соларди. Ахир жонингни олмасди-ку!
Ўзимга келолмай ўтирган бир пайтимда кўрганларим эса... Ишонасизми, матиз ҳайдовчининг ортидан қувган ҳалиги патрул ходими ҳеч нарса бўлмагандек, бизнинг ортимиздан келиб тўхтади. У қачон ортига қайтган, қай пайти йўлнинг биз турган йўналишига ўтиб, ортимиздан келган бу Худога аён! Унга ҳеч нарса дея олмадим. Ахир ҳаммада виждон бор! Унда ҳам бордир?..