Милиция ходимлари велосипедчиларга қарши велосипедларнинг шиналарини дамини чиқариб ташлаш билан чора кўришмоқда. 1 май куни Kun таҳририятига шундай ҳодиса гувоҳи бўлган фуқародан фото- ва видеолавҳа келиб тушди.
Маълум бўлишича, 30 апрель, сешанба куни Тошкентдаги Мирзо Улуғбек боғи (собиқ Тельман парки) яқинида икки нафар милиция ходими (фуқаронинг билдиришича, улардан бири ЙПХ ходими бўлган) 14 ёшлар атрофидаги икки ўсмирнинг велосипеди шиналарини дамини чиқарган. Фуқаронинг: «ЙПХ ходими ҳозир велосипедингга нима қилди?», – деган саволига, ўсмирлардан бири: «Йўлга чиқиб, велосипедни қўлда етаклаб кетаётганимизда, ЙПХ ходими келиб, бундай юриш мумкин эмас, деб, шиналарни дамини чиқариб кетди», – деб жавоб берган. Велосипедлар ўсмирларнинг ўзига тегишли, шахсий транспорт воситаси бўлган. Фуқаро ўсмирлардан вазиятни сўраб-суриштиргунича, ЙПХ ходими ҳодиса жойидан кетиб улгурган.Апрель ойининг ўрталаридан Тошкент шаҳрида милиция ходимлари томонидан велосипедларга қарши кураш бошланди. «Новий Век» газетаси хабарига кўра, велосипедлардан фойдаланишни чеклаш бўйича тадбирлар 19 апрель, якшанба куни бошланган ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш орган ходимлари оғзаки кўрсатмага асосланиб иш кўришмоқда. «Газета.uz» интернет-нашрининг ёзишича, ЙПХ ходимлари велосипедчиларга йўлдан юришни тақиқлашган, яхши ҳолатда – тротуар бўйлаб юришни талаб қилишган, ёмон ҳолатда эса – велосипед шинасининг дамини чиқариб ва ҳатто тешиб, велосипедларни олиб қўйиб, уларнинг эгаларини жаримага тортишган.Ушбу тадбирлар юзасидан ҳозирча Ички ишлар вазирлиги ҳам, Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси ҳам, шунингдек, шаҳар ҳокимлиги ҳам ҳеч қандай тушунтириш ёки огоҳлантириш бермаган.
Маълумот ўрнида, Йўл ҳаракати қоидаларига асосан, йўлларда велосипедларда ҳаракатланиш 14 ёшга тўлган шахсларга рухсат этилади. Велосипедларнинг йўлнинг четки ўнг бўлагида имкони борича ўнг томондан бир қатор бўлиб ҳаракатланишига йўл қўйилади, агар пиёдаларга халақит бермаса, йўл ёқасида ҳам ҳаракатланишга рухсат этилади. Велосипед йўлкаси бўлгани ҳолда йўлнинг қатнов қисмида ҳаракатланиш тақиқланади.