Главная » 2013 » Avgust » 17 » Тошкентда халқаро стандартга жавоб берадиган меҳмонхоналар 40дан ошади
09:06
Тошкентда халқаро стандартга жавоб берадиган меҳмонхоналар 40дан ошади
Аввал хабар бериб ўтганимиздек, 2015 йилда пойтахтимизда яна бир янги – Hyatt Regency меҳмонхонаси ўз ишини бошлайди.
АҚШнинг Hyatt Hotels Corporation компанияси билан Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ўртасида имзоланган битимга мувофиқ барпо этилаётган мазкур меҳмонхона 300 ўринга мўлжалланган.
Hyatt Hotels & Resorts тармоғини Европа, Африка ва Яқин Шарқ мамлакатларида ривожлантириш бўйича вице-президенти Питер Норманнинг сўзларига кўра, Тошкентда Hyatt Regency меҳмонхонасининг очилиши Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар оқимини янада кўпайтиришга хизмат қилади. Мазкур меҳмонхонадан халқаро конференция ва фестиваллар ўтказишга мўлжалланган зал ҳам ўрин олади.
Истиқлолгача юртимизда бирорта ҳам беш юлдузли меҳмонхона бўлмаган. Бугунги кунда биргина Тошкент шаҳрида халқаро стандартлар асосидаги мувофиқлик сертификатига эга 40 дан зиёд меҳмонхона мавжуд. Уларнинг кўпчилиги тўрт ва беш юлдузли меҳмонхоналардир.
Айни вақтда уларда жой брон қилишнинг янги тизими яратилиб, welcomehotels.uz сайти орқали мижозларга хизмат кўрсатиш тизими йўлга қўйилмоқда. Келгусида мобиль иловалар ёрдамида брон қилиш ва тўловни амалга ошириш механизми ҳам жорий этилиши кўзда тутилган. Миллий порталга жойлаштирилган ахборотдан хориж туристик хизматларини брон қилиш тизимлари ҳам фойдаланиши мумкин.
"Ўзбектуризм” миллий компаниясидан маълум қилишларича, мамлакатимизда сайёҳларга хизмат кўрсатувчи компаниялар, операторлар сафи тобора кенгайиб бормоқда. Бугунги кунда 865 сайёҳлик ташкилоти, жумладан, 374 меҳмонхона фаолият юритмоқда. 2012 йилда сайёҳлар тарифи 2011 йилга нисбатан 17,5 фоиз, уларга хизмат кўрсатишдан тушган даромадлар 15 фоиз ўсган.