1 апрелдан Тошкентда совуқ ва иссиқ сув таъминоти, шунингдек, иситиш тизими хизматлари тарифлари ошади. Бу ҳақда, «Тошиссиққуввати» бирлашмаси ва «Сувсоз» корхонасига асосланиб, «Газета.uz» интернет-нашри хабар бермоқда.
«Тошиссиққуввати» бирлашмаси маълумот беришича, 1 апрелдан марказлашган иситиш тизими ва иссиқ сув ҳақи қимматлашади. Нархлардаги 13,5 фоизлик ўсиш энергия ташувчилар ва материаллари нархининг қимматлашуви билан изоҳланган.
Марказлашган иситишнинг бир ойлик тарифи тошкентликлар учун турар жойнинг ҳар квадрат метри учун ҳозирги 584,18 сўмдан 663,05 сўмгача қимматлашади. Янги тарифлар бўйича иссиқ сув киши бошига, агар ҳисоблагич бўлмаса – 8297,58 сўм (ҳозир – 7310,58 сўм), ҳисоблагич бўлса – ҳар кубометрга 2124,73 сўм (ҳозир – 1871,99) сўмни ташкил этади.
Душхонаси умумий бўлган ётоқхоналарда истиқомат қилувчилар учун тариф бир киши учун ойига 6172,6 сўм (ҳозир – 5438,37 сўм)ни ташкил этади.
Корхона ва ташкилотлар учун иссиқлик энергияси улгуржи тарифи эса ҳар Гкал учун ҚҚСсиз 37276 сўм (ҳозир – 32842 сўм) ва ҚҚС билан ҳар Гкал учун 44731,2 сўм (ҳозир – 39410,4 сўм) этиб белгиланган.
Шунингдек, «Сувсоз» корхонаси Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти учун совуқ сув ва канализация хизматлари тарифлари оширилганини эълон қилди. Жумладан, 1 апрелдан бошлаб Тошкент шаҳридаги хонадонларда истиқомат қилувчилар учун совуқ сув ҳисоблагич бўйича 1 кубометр учун 256 сўм (ҳозир – 223 сўм), киши бошига эса 2569,60 сўм (ҳозир – 2238,36 сўм) этиб белгиланган.
Ҳовлиларда эса ҳисоблагич ва канализация бўлса, ҳар кубометр учун 186 сўм (ҳозир – 163 сўм), фақат ҳисоблагич бўлса, ҳар кубометр учун 116 сўм (ҳозир – 103 сўм), ҳисоблагич ҳам, канализация ҳам бўлмаса, киши бошига 2200,77 сўм (ҳозир – 1928,63 сўм) этиб белгиланган. «Сувсоз» тарифлари билан тўлиқ корхона сайтида танишиш мумкин.
«Газета.uz»нинг эслатишича, иссиқ ва совуқ тарифлари охирги марта 2012 йилнинг 1 октябрида оширилган эди.
|