Шу йил 4 сентябрь куни соат 19.00да Тошкентдаги Миллий санъат марказида рассом Ассад Гаджиевнинг "Фетиш” деб номланувчи биринчи шахсий кўргазмаси очилади. Экспозицияда муаллифнинг 70 га яқин иши тақдим этилади.
Кўргазма ташкилотчилари – Фонд Форум, «IJOD» рассомлар, санъатшунослар ва халқ усталари ассоциацияси ва Миллий санъат маркази.
Ассад Гаджиев (1974 йилда туғилган) махсус рассомлик маълумотига эга бўлмасдан туриб, ўзининг ижодий қобилиятларини мустақил равишда ривожлантирган ижодкор ҳисобланади. 2005-2007 йилларда Испанияда яшаган ва «Ikea» бренди учун мебель ва интерьер предметлари дизайни бўйича лойиҳалар дизайнери ва рассоми сифатида ишлаган.
Охирги икки йилдан ортиқроқ вақт давомида Гаджиев ўз асарларини яратади. Ижодида ручка, қаҳва ва пахтадан тайёрланган қоғоздан фойдаланади. Рассом сурат чизишнинг бундай ноанъанавий техникасини бежиз танланмаган. Бир неча йил олдин Тошкентдаги қаҳвахонлардан биридаги учрашув чоғида Гаджиев тасодифан қоғозга қаҳва томизиб қўяди. Қаҳва қолдирган абстракт доғни ручка билан чизиб чиқади. Шу тарзда рассом ўзига хос "услубни” топади.
Айтиш жоизки, Гаджиевнинг шахсий кўргазмаси илк бор ўтказилмоқда. "Фетиш” номини олган ушбу кўргазмада тақдим этиладиган ишларни яратиш учун рассом мингдан зиёд шарикли ручкалардан фойдаланган.