17 май куни Тошкент-Женева-Мадрид йўналишида HY259 рейсида парвозни амалга оширган "Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАКнинг Airbus А310 самолёти қанотини яшин урди.
Бу ҳақда uz24.uz нашри хабар берган. Ушбу рейс орқали учган йўловчиларнинг айтишича, ушбу ҳолат маҳаллий вақт билан 21.35 да Мадрид аэропортига қўниш чоғида рўй берган. Самолёт ойналаридан йўловчилар ёрқин чақнашнинг гувоҳи бўлиб, кучли таққилаш овозини эшитишган. Йўловчилар бу ҳолатдан жуда ҳам қўрқиб кетишган. Аммо экипаж аъзоларининг профессионал ҳаракати билан самолётни омадли қўндиришга муваффақ бўлинди, ҳеч ким жабрланмади.
Бир йилда деярли ҳар бир самолёт ана шундай табиат "зарбаси"га дуч келади. Самолётларнинг алюминийдан ишланган қопламаси электр токини жуда яхши ўтказгувчи ҳисобланади, шу сабабли барча самолётларда ҳавфсизлик чоралари кўрилган.
Электр қувватига ҳимояси бўлмаган эски туркумдаги самолётларни яшин уриши ёнғинни келтириб чиқариши ва унинг қулашига олиб келиши мумкин.